Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Офтоб уришидан қандай ҳимояланиш мумкин?

Инсон шундай яратилганки, қаҳратон совуқда ҳам, жазирама иссиқда ҳам унинг тана ҳарорати бир хил даражада туради. Одам организми ҳар қандай иқлим шароитларига мослашиш хусусиятига эга. Ўзбекистон иқлимига хос бўлган ҳавонинг қуруқлиги ҳамда мўътадил эсиб турадиган шабада танадан терлаш сабабли иссиқлик ажралишига ва тананинг иссиқ иқлим шароитига мослашишига ёрдам беради.

Шуни унутмаслик керакки, ёзнинг жазирама иссиғи айниқса, юрак-қон томир тизими касалликлари ҳамда ортиқча вазнга эга беморлар саломатлигига салбий таъсир қилиши ва уларда сурункали кечаётган касалликларнинг авж олишига сабаб бўлиши мумкин. Негаки, иссиқ иқлимда юқори ҳарорат сабабли организм кўп суюқлик йўқотади. Натижада юрак-қон томир тизими зўриқиб ишлайди.

Шунинг учун турли хил нохуш асоратларнинг олдини олиш мақсадида жазирамада ўз вақтида тўғри дам олиш ва меҳнат қилиш ҳамда овқатланиш тартибига эътибор қаратиш зарур.

Маълумки, жисмоний зўриқиш танада иссиқлик ишлаб чиқарилишини кучайтиради. Бу эса тананинг янада қизишига сабаб бўлади. Шунинг учун очиқ ҳавода олиб бориладиган жамики жисмоний меҳнат фаолиятини куннинг салқинроқ вақтига (эрта тонгдан соат 11:00 гача) ёки кечки салқинга (соат 17:00 дан – 20:00 гача) мўлжаллангани маъқул. Туш вақти яъни, куннинг энг иссиқ вақтида салқин хонада дам олиш мақсадга мувофиқдир.

Кунлик таомномадаги овқатлар енгил ҳазм бўладиган егуликлардан иборат бўлиши керак. Ёғлик таомлар ҳамда ширинликлар танада энергия ҳосил бўлишини кучайтиради ва тана қизиб кетишига сабаб бўлади. Шунингдек, иссиқлик таъсирида сустлашган меъда-ичак тизими фаолиятини зўриқтиради. Жазирама иссиқ кунларида суюқ таомлар, айрон, қатиқ, кефир каби сут маҳсулотлари, сархил мева ва сабзавотларни истеъмол қилиш лозим. Улар терлаш натижасида организм йўқотадиган сув ва зарур моддалар, оқсил, витамин ва минерал тузлар ўрнини қоплайди.

Кўк чой чанқоқни қондиради. Унинг таркибидаги витамин ва минерал моддалар инсонга куч бағишлайди. Бундан ташқари кўк чой меъда-ичак йўлидаги касаллик қўзғатувчи микробларни нобуд этади. Организмни дизентерия (ичбуруғ) ва бошқа юқумли меъда-ичак касалликларидан ҳимоя қилади.

Шакарсиз компотлар, айрон, нордон меваларнинг шарбатлари кучли чанқовбости ичимликлар бўлиши билан бирга терлаш натижасида йўқотилган витамин ва минерал моддаларнинг ҳам ўрнини қоплашда ёрдам беради. Ширин ва қуюқ мева шарбатлари (ўрик, шафтоли ва узум) аксинча чанқоқни кучайтиради. 

Лимонли чой – дастлаб танани бироз қиздириши,сўнгра кучли терлатиши билан анча вақтгача танани исиб кетишидан сақлайди. Шунингдек, организмнинг сув ва туз балансини меъёрида сақланиб туришига ёрдам беради.

Турли хил ширин ичимликлардаги сунъий буёқлар ва турфа рангдаги маза берувчи қўшимчалар ҳамда шакар чанқоқни кучайтиради. Уларни кўп истеъмол қилиш эса зарардир.