Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ОИТСни юқтиришга сабаб бўлган фуқароларга жиноий иш қўзғатилади

Паст Дарғом туманида ёшлар ўртасида ОИТСнинг олдини олиш юзасидан ўтказилган тарғибот тадбирида мутахассислар томонидан касаллик ва унинг оқибатлари ҳақида маълумотлар  берилди, эҳтиёткорликка чорланди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бош бошқармаси ўта муҳим ишлар бўйича тезкор вакили, подполковник Фарҳод Нарзуллаев сўзга чиқиб, ОИТС касаллигининг олдини олиш бўйича республика Ички ишлар вазирлигида ОИТСга қарши курашиш бўлими ташкил этилганлиги ва бу борада тарғибот тадбирлари ўтказилаётганлиги тўғрисида маълумотлар берди. Шу билан бирга ОИТС касаллигини юқтиришга сабаб бўлган фуқароларга жиноий иш қўзғатилиши ҳақида тўхталиб ўтди.

Касалликнинг инсон ҳаёти учун нечоғлик хавфли эканлиги, унинг олдини олиш учун олиб борилиши лозим бўлган профилактик  тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтди.

- ОИВ инфекцияси, бу - одам иммунитет танқислиги вируси билан зарарланиш оқибатида келиб чиқадиган касалликдир. Инфекциянинг асосий хусусияти - иммунитетнинг зарарланиши бўлиб, унинг натижасида одам организми вақт ўтган сайин кўплаб касалликлар олдида ҳимоясиз бўлиб қолади, - дейди вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази бош шифокори Зокир Умирзоқов. - Касаллик вирусининг манбаи бемор ва одам иммунитети танқислиги вирусини ташиб юрувчи шахслар ҳисобланади. Эпидемиологик жиҳатдан вирус ташиб юрувчилар беморларга нисбатан ҳавфлироқдир. Чунки улар касалликнинг яширин даврида ҳеч қандай касаллик аломатларини сезмайди, ҳатто ўзларини ОИТС вируси билан зарарланганлигини ҳам билишмайди. Бир қарашда соғлом кўринганлари билан улар касалликнинг яширин даврида бошқа шахсларга касаллик вирусини турли йўллар билан юқтириши мумкин.

Иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.