Хавфсизлик хотиржамлик асоси, бу борада муҳим қонун ўзгартишлари маъқулланди

Кўпни кўрган кайвониларимиз одатда хотиржамликдан айирмасин, деб дуо қилади. Тажрибада кўряпмиз, бу неъмат ўзи-ўзидан бўлмайди... Айтиш мумкинки, парламент юқори палатасининг ўн иккинчи мажлисида ушбу масала юзасидан тегишли талаб ва нормалар белгиланди.

Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама этилди.

Қайд этиш лозимки, бугунги кунда жаҳонда технология ривожланиши билан турли электрон ускуналар, жумладан, портатив лазерли нур тарқатгичлар ҳам кенг оммалашмоқда. Бу қурилмалар арзон, осон етиб бориладиган ва кўп ҳолларда кўнгилочар ёки таълим мақсадларида ишлатилади. Бироқ улардан ноқонуний ёки номувофиқ фойдаланилиши жамоат хавфсизлигига жиддий таҳдид солиши мумкин.

Хусусан, самолётларнинг учиши ёки қўниши пайтида уларнинг экипажига лазер нурларини йўналтирилиши қўниш ёки парвоз жараёнида экипаж диққатини чалғитиб, ҳалокат хавфини оширади.

Бундан ташқари, жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига лазер нурлари йўналтирилиши натижасида кўзнинг вақтинча кўрмай қолишига, бу эса содир бўлиши мумкин бўлган тартибсизликларнинг олдини олишда салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Кўпгина хорижий давлатларда лазер қурилмаларининг фойдаланишини чекловчи ва назорат қилувчи қонунлар қабул қилинган.

Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокамаси жараёнида юқоридаги муаммолар тилга олинди.

Мамлакатимизда ҳам жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ушбу турдаги қурилмаларни назорат қилиш, уларни лицензиялаш ва ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини жазолаш бўйича чоралар қаторида мазкур қонун ишлаб чиқилган.

Қонун билан амалдаги қонунчиликка маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканларининг ҳамда таянч пунктларининг таркибини, уларда хизмат қилувчи инспекторларнинг ваколатларини аниқлаштиришга, патруль-пост хизмати саф бўлинмаларининг мансабдор шахслари томонидан тузилган маъмурий баённомаларни кўриб чиқиш ҳамда жазо чорасини қўллаш ваколатига эга шахсларни аниқлашга, шунингдек, портатив лазерли нур тарқатгичларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарлик белгилашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Фикримизча, қонуннинг қабул қилиниши маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда жамоат тартибини сақлаш ишлари самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Сенат ялпи мажлисида “Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.

Қайд этиш лозим, қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, “Қурол тўғрисида”ги ҳамда “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Хусусан, ҳудудларда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш мақсадида совуқ қуролни олиб юриш ҳуқуқбузарлигини бир йил давомида такроран содир этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Жумладан, ушбу ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб ёки мусодара қилмай, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Жиноят кодексининг 126-1-моддасининг тўртинчи – саккизинчи қисмларида назарда тутилган оилавий зўравонлик билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик судланганларга судланганлик ҳолати тугалланганидан ёки олиб ташланганлигидан ёхуд амнистия акти қўлланилганидан кейин ўн йил давомида рухсатнома бермасликка сабаб бўлади. Агар ҳуқуқбузарда ўқотар қурол мавжуд бўлса, ушбу ўқотар қурол ва унинг ўқ-дорилари олиб қўйилиши назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, ичкиликка ружу қўйган шахсларни мажбурий даволанишга юбориш учун бир йил мобайнида бир мартадан ортиқ маъмурий жавобгарликка тортиш эмас, балки бир йил давомида бир марта маъмурий жавобгарликка тортилганлик асос бўлиши белгиланмоқда.

Бунда шахсни мажбурий даволанишга муҳтож деб топиш ваколатини олис ҳудудларда ихтисослаштирилган туманлараро тиббий комиссияларга ҳам бериш, шунингдек, наркологик экспертизаларни ўтказиш учун ихтисослаштирилган туманлараро тиббий комиссия тузиладиган олис ҳудудлар рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланиши назарда тутилмоқда.

Қонун маҳаллаларда хавфсиз муҳитни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича жойларда профилактика инспекторларининг иши самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Марям НИЁЗОВА,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.