Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Оқ қўйим қани?»

Эшмат йўл қурилиш ташкилотига асфальт учун битум таширди . Биласиз, кун иссиғида қорамой суюлиб, тўкканингиздан кейин ҳам машина кузовида ёпишқоқ юқи қолади. Шанба куни кечқурун ишдан қайтаётган эди, йўлда қўй ҳайдаган икки йўловчи қўл кўтариб тўхтатишди.

- Шофёр ака, илтимос, мана шу йигирмата қўйимизни бозор йўлига ташлаб ўтинг, хизмат ҳақингизни тўлаймиз!

- Жон-жон, деб олиб бориб қўяр эдиму, аммо машина кузови асфальт қора мойи юқи. Қўйлар булғаниб қолади, - деди Эшмат тушунтириб.

- Қўйларга бало ҳам урмайди, - ялинишди йўловчилар.

Эшмат уларнинг раъйини қайтара олмай, ноилож рози бўлди. Манзилга етиб қўйларни машинадан тушириб, санаб кўришди: тўппа-тўғри – йигирмата. Аммо орасидаги оқ қўй йўқ. Эгалари ҳайрон бўлиб бир-бирига қаради. Воқеани тушунган Эшмат кулиб юборди. Оқ қўй ҳам қорамой ва қорақўйларга ишқаланиб қора тусга кирганди.

Воқеани эшитиб, ўйланиб қолдим. Оқ қўйнику тиқилинчда қора қўйлар ишқаланиб қора қилгандир. Баъзи одамларчи? Кимнингдир ортидан ғийбат қилиб, номини қора қилади ва учрашиб қолишганда сир бой бермай апоқ-чапоқ бўлиб кетаверишади. Ўшалардан асрасин!

Жумақул КАРИМ.