Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўқитувчи ва мураббийлар куни олдидан: Мана, мураббий чемпионларни қандай тарбиялаши керак?

Спорт залида 30-40 чоғли бола машғулотда қатнашмоқда. Ҳар бир боланинг хатти-ҳаракатини кузатиб турган мураббий зарур бўлса, уларнинг олдига бориб кўрсатмалар беради. Сўнг болалар ўрганган усулларни бир-бири билан курашиб, синаб кўради.

– Энди ҳамма диққат қилсин, ким-ким билан курашиши маълум, – дея мураббий болаларни ўзига қаратади. – Тасаввур қилинг, жаҳон чемпионати финалидасиз. Ғалаба қилсангиз дунёда тенгсиз бўласиз, сиз учун Ўзбекистон байроғи баланд кўтарилиб, давлатимиз мадҳияси янграйди. Бунинг учун бор кучингизни, маҳоратингизни ишга солиб, рақибингизни енгишингиз керак. Бу ғурурни, фахрни туйиш учун сизда беш сония вақт бор. Шу қисқа вақт оралиғида ким эпчил ва чаққон бўлса, ғалабага эришади. Қани, диққат! Бошладик!

Мураббий ҳуштак чалади ва болаларни олқишлаб, тезроқ ҳаракат қилишга чорлайди. Спорт залидаги гиламнинг гоҳ у, гоҳ бу томонидан “тап-тап” этган овоз, рақибини йиқитган болаларнинг ҳайқириғи эшитилади.

Бироздан сўнг яна шу жараён такрорланади. Бу гал дастлабки беллашувда мағлуб бўлган болалар ғалаба қозонади. Улар ҳам гўё чемпион бўлгандек гиламда сакрайди...

– Баракалла, чемпионлар! Сиз Ўзбекистонимиз шарафини муносиб ҳимоя қилдингиз, сиз жаҳонда тенгсиз. Ана шу руҳда давом этамиз!..

Пилла етиштириш вақтидаги мусобақа

Оқдарё туманидаги болалар-ўсмирлар спорт мактабининг юнон-рим кураши бўйича мураббийси Урал Зиёев ўзини чемпиондек ҳис қилаётган, ғайрат-шижоати жўшиб машғулотда қатнашаётган ёш шогирдларининг ҳаракатларини кузатиб, уларга завқланиб қарайди, ўзининг болалигини ёдга олади. Гоҳида уй юмушлари ва дала ишларидан қочиб, спорт машғулотларига қатнашгани, минг азобда мусобақаларга борганини эслайди.

У полвонлар сулоласининг вакили. Ота-боболари Ургутнинг тоғли Севазсой қишлоғида яшаган, шу ерда таниқли полвон бўлган. Лекин кейинчалик уларнинг оиласи Оқдарёнинг Олчин қишлоғига кўчиб келиб, шу ерда яшаб қолган. Отаси Абулқосим ака ва онаси бир умр жамоа хўжалигида ишлаб пахта етиштирган, пилла боққан. Табиийки, 11 нафар болалар ҳам ёшлигидан ота-онаси ёнига кириб, шу ишлар билан машғул бўлган. Қонида бор эмасми, оилада ўсаётган ўғиллар бир-бири билан кураш тушиб, ўзаро бел олишиб вояга етди. Аммо уларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун имконияти, шароити бўлмаган.

– Тошкентбой акам ва мен спортга жуда қизиқардик, – деб ёшлик йилларини эслайди Урал Зиёев. – Аммо ҳозиргидек шароит қаерда, дейсиз? Оилавий звено бўлиб колхозда пахта етиштириш, пилла боқиш билан банд бўлардик. Ота-онам, бутун оиламиз шу ишга берилиб кетардик. Ўша пайтда фақат бизнинг эмас, қишлоқда ҳамманинг ҳаёти шундай эди. Умримиз далада, иш билан ўтарди.

Бир йили колхоз раиси оиламизга радио совға қилди. Шундан кейин ота-онам “мана бизга раис совға берди, энди янаям яхши ишлашимиз керак”, деб бутун жон-жаҳди билан меҳнат қиларди. Бизни ҳам шунга ундарди. Аммо ишдан бўш бўлдик дегунча (баъзида ишни ҳам ташлаб қочиб кетардик) спорт залга чопардик, мен акробатика билан, акам самбо билан шуғулланарди. Кейин курашга, юнон-рим курашига ўтиб кетдим. Биринчи мураббийим Дилшод Абзалов бўлган, шу инсон мени қўллаб-қувватлаб, руҳлантирган.

1977 йил. Мактабнинг 8-синфини битираётган Урал Украинада ўтказиладиган мусобақага боришига тўғри келди. Бу ҳақда отасига оғиз очганди “Кўряпсан болам, ҳозир пилла вақти, ҳар кимнинг ўз юмуши бор, Шу мусобақангга бормасанг ҳеч нарса бўлмас, кейингиларига борарсан” деди Абдусалом ака.

Урал эса мусобақага боришни жуда-жуда истарди. Кейин орага мураббий, мактабдаги бошқа ўқитувчилар қўшилди ва Абулқосим ака ўғлини беллашувга юборишга рози бўлди. Урал устозлари ва ота-онаси ишончини оқлади - мусобақадан совриндор бўлиб қайтди. Шундан сўнг унинг ҳаёт йўли спорт билан боғлиқ эканлиги ойдинлашди. Ота-онаси ҳам уни қўллаб-қувватлади.

– Ҳозир болаларнинг ота-онаси спорт тўгаракларига бошлаб келади, – дейди Урал ака. – Уйида ҳам боласи шароит қилиб беришган. Бундай имкониятдан фойдаланиб, фақат натижа кўрсатиш керак. Шу болалар натижа кўрсатмаганда ҳам хафа бўлиш керак эмас, аслида. Чунки спорт билан шуғулланган бола аввало соғлом бўлади, жисмонан ва руҳан чиниқади, ҳаётда қоқилмайди.

Ана шундай пайтда ёшлигимдаги бир ҳолат ёдимга тушади. Қайсидир бир мусобақага тайёргарлик кўраётгандим. Вазним ошиб кетгани учун бироз оғирликни ташлашга тўғри келди. Ёз пайти эди. Эрталаб қалин қишки кийимларни кийиб, бошимга телпакни бостириб, кўчада югуриб кетаётсам, қўшинимиз кўриб қолди. Салом бериб, ўтиб кетдим. Қишлоқни айланиб югуриб, кийимларимни алмаштираётсам, отам менга қараб туриб “Ўғлим, бир вақт топиб, дўхтирга ўтиб келишимиз керак-да, соғлиғинг яхшими ўзи” деб сўради. Бу гапдан акам кулиб юборди ва нима учун бундай ҳолатда югураётганимни отамга тушунтириб берганди. Кейин билишимча, мени йўлда учратган қўшнимиз отамга “ўғлингизнинг тоби йўқми, қишки кийимда югуриб юрибди”, деган экан.

Орзуларимни шогирдларим ушалтирди

Уралнинг спорт билан шуғулланишини ота-онаси қўллаб-қувватлай бошлагач, у бутун борлиғини курашга бағишлади. Шу сабаб жисмоний тарбия институтида ўқиди, республика чемпиони бўлди, кўплаб халқаро мусобақаларда қатнашди. Аммо жаҳон чемпиони бўлиш, олимпиадада қатнашиш унга насиб этмади.

– Собиқ иттифоқ даврида кўп йиғинларда иштирок этардик, халқаро турнирларга тайёргарлик кўрардик, – дейди Урал Зиёев. – Ўзим тенгиларнинг барчасини йиқитолсам-да, терма жамоага бошқалар жалб этиларди. Бу адолатсизликни кўриб, ҳеч нарса қилолмай Ўзбекистонга қайтиб келаверардик. Ўшанда вазият шундай эди, биз каби кўплаб спортчиларнинг терма жамоага кириши жуда қийин, ушалмас орзу эди. Шундай пайтларда “қачон биз ҳам тўғридан-тўғри халқаро мусобақаларда қатнашамиз, шундай кунлар насиб этармикан”, деб ўйлардим.

Яратганга шукр, давлатимиз мустақил бўлиб, орзуларимиз ушалди. Биз боролмаган жаҳон биринчиликлари шогирдларимизга насиб этди. 1991 йилда шогирдим Наврўз Усмонов Испаниянинг Барселона шаҳрида ўтказилган юнон-рим кураши бўйича жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритди. 1997 йилда Венгриядаги жаҳон биринчилигида Зафар Очилов учинчи ўринни эгаллади. Кейинги йилларда эса иқтидорли шогирдларимдан яна бири Илҳом Баҳромов ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Осиё чемпиони, II ўсмирлар Олимпиадасида ғолиб бўлди, жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритди. Шунингдек, Ислом Баҳромов ҳам Осиё ва жаҳон биринчиликларида ғалабали одимларини давом эттирмоқда.

Яна кўплаб шогирдларим Осиё ва жаҳон чемпионатлари ғолиби бўлиб, ўзбек курашчиларининг қандай куч ва маҳоратга эга эканлигини кўрсатганда ичимга сиғмай кетаман, армонларим унут бўлади. Улар туфайли 22 ёшимда хизмат кўрсатган мураббий бўлдим. II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирландим.

Давлатимиз раҳбарининг фармонига кўра, Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида Урал Зиёев “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” унвонига сазовор бўлди. Урал аканинг айтишича, бу хушхабарни ҳам унга аввало шогирдлари етказиб, табриклабди.

Полвонлар сулоласининг давомчилари бор

  Урал ака 1984 йилдан буён Оқдарё туманидаги болалар-ўсмирлар спорт мактаби юнон-рим кураши мураббийи сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда. Ўтган йиллар давомида уни Самарқанд, Тошкент шаҳарларидаги олимпия заҳиралари тайёрлаш марказларига, нуфузли жойларга ишга таклиф қилишди. Аммо у ўз ўрнини шу ерда деб билди, энг қуйи тизимда истеъдодли спортчиларни аниқлаш ва уларни тарбиялашга эътибор қаратди.

– Мактабимизда фаолият кўрсатаётган эллик нафардан ортиқ мураббийлар орасида Урал аканинг алоҳида ўрни бор, – дейди Оқдарё туманидаги болалар-ўсмирлар спорт мактаби раҳбари Ҳусан Бўронов. – Бизга спорт соҳасида ҳам, ҳаётда ҳам мураббийлик қилиб, тўғри йўл кўрсатиб келмоқда. Оқдарёда юнон-рим кураши бўйича мактаб яратилиши ва кўплаб чемпионлар чиқишида Урал аканинг хизматлари беқиёс ва биз бу инсон билан фахрланамиз. Чемпионлар устози, деб ўзгача ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади у кишига.

Урал Зиёев   турмуш ўртоғи Турсуной опа билан тўрт фарзандни камолга етказди, ўқитди, уйли-жойли қилди. Уч қизи оила қуриб, ўз ҳаёт йўлидан кетмоқда. Ўғли Жаҳонгир ота изидан бормоқда - Самарқанд шаҳридаги олимпия заҳиралари тайёрлаш марказида мураббийлик қилади. Етти нафар набира орасида бобоси каби курашчи бўлиб, жаҳон чемпиони бўлишни орзу қиладиганлари бор.

– Илоҳим, ниятингизга етинг, болаларим дейман уларга, – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози Урал Зиёев. –Ахир ҳозир спорт билан шуғулланиш учун шунча имконият, шунча шароит бор. Давлатимиз раҳбарининг ўзи спортга, спортчиларга катта эътибор қаратяпти. Бундай юртдан фақат чемпионлар чиқиши керак, фарзандларимиз спорт билан шуғалланиб, ҳар жиҳатдан соғлом ва бақувват бўлиши лозим.

Ғолиб ҲАСАНОВ,

Алишер ИСРОИЛОВ (фото).