Ўзбошимча қурилиш қилган фуқароларга БҲМнинг 150 баравари миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди

Туман ва шаҳар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимлари ходимлари махсус планшетлар орқали қурилиш объектларини жойнинг ўзида туриб онлайн мониторинг қилмоқда. Аниқланган қонунбузилишлар электрон тизимда дарҳол қайд этилиб, белгиланган тартибда тезкор чоралар кўрилмоқда.

Ўтказилган навбатдаги мониторинг давомида қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Жумладан, Самарқанд туманининг Рустам маҳалласида фуқаро Ғ.Н. томонидан 330 кв.м. ер майдонида шаҳарсозлик ҳужжатларисиз 3 қаватли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш биноси ўзбошимчалик билан қурилаётгани маълум бўлди. Тумандаги Қавчинони боло маҳалласида яшовчи фуқаро Ш.Н. томонидан ҳам худди шундай қонунбузилиш ҳолати амалга оширилганлиги аниқланди.

Нуробод тумани Дўстлик маҳалласида фуқаро Х.Н. 184,8 кв.м. ер майдонида тегишли рухсатномаларсиз икки қаватли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш биноси қураётганлиги қайд этилди.

Давлат архитектура назорати департаменти ҳамда туман қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимлари ходимлари томонидан аниқланган ҳар бир ҳолат юзасидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари миқдорида маъмурий жарималар қўлланиб, тегишли кўрсатмалар берилди.

Вилоятда бу борадаги назорат ишлари давом эттирилмоқда.

Ҳар қандай янги қурилиш, реконструкция ёки қайта таъмирлаш ишлари белгиланган тартибда, ваколатли органларнинг рухсатномаси асосида амалга оширилиши шарт, дея ахборот бермоқда вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалик бошқармаси ахборот хизмати.