Ўзбошимча қурилишни камайтириш учун жазони кучайтириш лозим

Қурилиш соҳасида назорат тизимини такомиллаштириш ва сифатни таъминлаш борасида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими жорий этилди. Вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси инспекторлари тизимда ишлаш учун планшетлар билан таъминланди. Ҳозирда қурилиш объектларида инспекторлар мониторинг жараёнларини ушбу тизим асосида онлайн режимида амалга оширмоқда. Бу эса текширишлар жараёнининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда тизимда коррупциянинг олдини олишга хизмат қилмоқда.

Ҳозиргача электрон тизимда 2642 та объект рўйхатга олинди. Бу объектларда 8508 та мониторинг ишлари ўтказилиб, аниқланган камчиликлар юзасидан 4441 та ёзма кўрсатма берилган ҳамда ижроси назоратга олинган. Белгиланган тартибда кўрсатмалар ижроси таъминланмаган 63 ҳолат бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган. Тизимга киритилган 1085 та объектда қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, белгиланган тартибда фойдаланишга қабул қилинган.

2021 йил 10 декабрда давлатимиз раҳбари “Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ҳамда бошқа давлат дастурлари ижроси устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди. Мазкур қарор билан Давлат дастурлари ижро этилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича республика штаби ҳамда ҳудудий ва туман (шаҳар) штаблари ташкил этилди. Соҳага алоқадор бўлган барча ташкилот ва муассасалардан масъуллар бириктирилиб, прокуратура органларининг назорати остида штабларнинг доимий фаолияти йўлга қўйилди. Штаб аъзолари томонидан объектларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ва камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш чоралари кўрилиб, ҳар чорак якуни бўйича оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали аҳолига хабар берилмоқда.

Мазкур қарорга кўра, 2022 йилдан келгуси йилги дастурлар ишлаб чиқилишида 1 апрелга қадар жойларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасининг ҳолатини, янги лойиҳаларни амалга ошириш зарурати ва уларнинг жойлашуви, шунингдек, ушбу масалалар бўйича кенг жамоатчилик фикри ўрганилади. 1 майга қадар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг тавсияларидан келиб чиқиб, Дастурга киритиладиган лойиҳалар юзасидан Бош вазирга шахсий кафиллик асосида таклиф киритилади. Молия вазирлиги лойиҳа-қидирув ишларини молиялаштириш учун зарур маблағларни буюртмачилар кесимида шакллантиради.

1 июлга қадар Вазирлар Маҳкамаси дастурга киритиш таклиф этилаётган лойиҳаларни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлигини ўрганиб чиқиб, уларнинг дастлабки манзилли рўйхатини тасдиқлайди. 1 ноябргача ҳудудлар, соҳалар ва тармоқлар раҳбарлари дастлабки манзилли рўйхатга киритилган лойиҳалар бўйича (лойиҳа олди) ҳужжатларни белгиланган тартибда экспертизадан ўтказиш чораларини кўради ва бу борада уларга шахсий жавобгарлик юклатилади.

Календарь йилининг якунига қадар келгуси йиллар учун дастур тасдиқланиб, унга киритилган лойиҳалар бўйича танлов (тендер)лар эълон қилинади. Бунда дастурга лойиҳа (лойиҳа олди) ҳужжатлари экспертизадан ўтказилмаган лойиҳалар киритилмайди.

2022 йил 1 январдан молиялаштириш манбаси аниқ бўлмаганда, консолидациялашган бюджет маблағлари ва бошқа марказлашган манбалар ҳисобидан харажатларни амалга ошириш ва ишларни бажариш тақиқланди. Белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари мавжуд бўлмаганда ёки лойиҳа ҳужжатлари қурилиш-монтаж ишлари билан бир вақтда тайёрланганда, яъни параллел равишда олиб борилганда, пудратчи (лойиҳачи) ташкилотлар танлов (тендер) ўтказилмасдан танлаб олинишига ҳам йўл қўйилмайди. Қурилиш-пудрат ишлари бўйича танлов (тендер)лар электрон шаклда ўтказилмасдан, тузилган шартномалар Молия вазирлиги Ғазначилиги томонидан рўйхатга олинмайди ва ушбу шартномалар бўйича тўловлар амалга оширилмайди.

Қурилиш вазирлиги томонидан фуқароларга қурилаётган объектлар тўғрисида мустақил равишда ахборот олиш имконини берувчи “Огоҳ фуқаро” электрон тизими яратилди. Бу тизимда ноқонуний қурилишларни аниқлаш, қурилиш объектларида аниқланган қоидабузарликларни қайд этиш (фото ва видеоматериаллар кўринишида) ва уларни қурилиш соҳасидаги назорат бўйича ваколатли органларга юбориш мумкин.

Ушбу электрон тизим орқали фуқаролар ҳудудлардаги барча қурилиш объектларида жамоатчилик назоратини амалга ошириш имкониятидан фойдаланади.

Вилоятда ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 июлдаги қарори асосида доимий ишловчи комиссия ташкил этилган. Комиссия томонидан 2021 йилда қурилиш соҳасида 1510 та қонунбузилиш ҳолати аниқланган. Шундан 493 таси ҳудудий комиссия ва маъмурий органлар томонидан бартараф этилган, 8 таси қонунчилик талабларига мувофиқлаштирилган, 1009 ҳолат бўйича қонуний чора кўриш ишлари давом этмоқда. Бироқ амалдаги қонунчиликда қурилиш соҳасидаги қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан кескин чора кўриш назарда тутилмаганлиги сабабли қонунбузилиш ҳолатлари давом этишига олиб келмоқда.

Мисол учун, ер қонунчилигига тегишли ўзгартиришлар киритилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан Кадастр агентилигининг ҳудудий бўлимлари ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаганда, жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваригача, мансабдор шахслар учун 50 бараваригача жарима чораси қўллаши мумкин. Шу каби ер майдонларида ноқонуний қурилишларни амалга оширганда, жисмоний шахслар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваригача, мансабдор шахслар учун 300 бараваригача жарима чораларини қўллаш амалиёти жорий қилинган.

Лазиз Ҳамидов,

вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи.