Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўқитувчининг мақоми ошди, савияси-чи?

Ўқитувчиларнинг иш ҳақи 2019 йил 1 январдан 1,5 баравар ошди. Ушбу касб мақомини ошириш юзасидан кўрилган чоралар натижасида 873 нафар эркак ўқитувчи мактабларга қайтиб, фаолият юрита бошлади. Олис ҳудудлардаги туманлардаги мактаблар педагог кадрларининг меҳнатини рағбатлантириш шартлари белгиланди ва натижада уларга 50 фоизгача қўшимча ойлик устамалар берилмоқда. Бу ўз навбатида, 128 нафар ўқитувчига бўлган эҳтиёжни қоплаш имкониятини берди.

Вилоят халқ таълими тизимида шу ва шунга ўхшаш бир қатор ижобий кўрсаткичлар, амалга оширилаётган ишларни санасангиз, саҳифага сиғмайди. Аммо шундай бўлса-да, нега тизимда муаммолар кўп, уларни бартараф этишда қандай ишлар олиб борилмоқда?

Вилоят Матбуот уйида халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов ва тизим масъуллари иштирокидаги матбуот анжуманида шу каби саволларга жавоб изланди.

- Ўқитувчилар обрў-эътиборини, жамиятдаги мавқеини ошириш бўйича амалга оширилган ишларни бутун жамоатчилик кўриб турибди, деб ўйлайман, - дейди С.Усмонов. – Ўтган йиллар давомида халқ таълими тизимини ислоҳ этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1 та фармони, 5 та қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 21 та қарори қабул қилинди. Бу ҳужжатлар тизимда жиддий ислоҳотларни бошлаб берди. Ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатига барҳам берилди, уларнинг ойлик-маоши сезиларли ошди ва ҳоказо. Ўқитувчилар томонидан топшириладиган ҳисоботларга кўп вақт (кунига 4 соат) кетишининг олдини олиш мақсадида ҳисоботлар 7 тадан 3 тага қисқартирилди.



“Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси-2019” республика кўрик-танловини вилоят босқичида 13 та фан йўналишида 183 нафар ўқитувчи иштирок этди. Республика босқичида 12 нафар ўқитувчи қатнашиб якуний натижаларига кўра, умумжамоа ҳисобида Самарқанд вилояти республикада 3-ўринни қўлга киритди.

Афсуски, бу каби ижобий кўрсаткичлар билан бирга ўқитувчиларнинг барчаси ҳам бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги, ҳатто дарс бериш учун билим савияси етарли эмаслиги бор гап. Бунинг учун мактаблар рейтингини ташкил қилиш, ўқитувчилар ўртасида беллашувлар, танловлар ўтказиш каби бир қатор чораларни белгилаганмиз.

Шунингдек, вилоят бўйича 2018-2019 ўқув йилида 11-синфни  30316 нафар ўқувчи битириб, шундан 2131 нафари, яъни 8,3 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. Бу ҳам қувонарли кўрсаткич эмас.

Анжуманда тизимда олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда мактаблар фаолияти билан боғлиқ воқеаларга ҳам муносабат билдирилди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.