Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Орифи ҳақ, воқифи лавҳи қазо...

Бундан аввалроқ, «Юрт қадрини улуғлар оширади» номли мақоламизда Бухоро заминида яшаб ўтган алломалар мероси ҳақида тўхталгандик. Қуйида даҳбедийлар авлоди, уларнинг ислом дини ва нақшбандия тариқатига қўшган ҳиссалари ҳақида сўзлашамиз.

“Оққан дарё оқаверади“ деб бежиз айтилмаган. Ҳазрати Махдуми Аъзамнинг ўғиллари ва хос ўринбосарлари «Хожа Калонхожа Даҳбеди» номи билан машҳур бўлган Нақшбандия тариқатининг улуғ пирларидан бири, валий ва тарбиячи Муҳаммад Аминхожа (1517-1569), “валий” нисбатли Хожа Исҳоқи Вали (вафоти 1598), набиралари - соҳиби каромат, ҳориқодат валий Хожа Ҳошим Даҳбедий (вафоти 1635 йил), Мусохожа (манбаларда «Хожа Мусо» тарзида ҳам ёзилган. 1642 йилда вафот этганлар), диний ва дунёвий оламда мўътабар саналиб, «Қутбул-мутаахирини» (яъни, «Силсиланинг охирги қутбул-ақтобларидан») унвонини эгаллаган. XVIII асрнинг иккинчи ярмида Нақшбандия тариқатига раҳнамолик қилган даҳбедий хожалар силсиласида алоҳида ўрин тутган зот – Ҳазрати Мусохонхожа Даҳбедий (1708/09-1776), ўз даврининг комил зотларидан бўлган Каттахонхожа Калонхожа (1873-1969) илму маърифатда пешқадам, тақво ва парҳезда мукаррам, кароматлари билан машҳур ўтганлар.

Авлодлари вакилларидан “Эшони мударрис” номи билан машҳур бўлган  мавлоно Саййид Нуриддинхожа (1861 йилда туғилган ), ажиб ҳавориқ одатлари билан Пайариқдан ташқарида ҳам машҳур танилган Султонхонтўра (1908-1971), ўз даврида илму ҳол ва қолда машҳур ўтган Султонхон Эшон бобо (1910-1994), силсиланинг кейинги авлодлари сафида нақшбандия тариқати таълимотини улуғ мерос даражасида давом эттирган Темирхон Тўра (1909-2000 )лар ҳам шулар  жумласидандир.

Замонлар зайли билан бу авлоднинг ислом йўлида чеккан жафоси еру осмонга сиғмас бўлиб, Аллоҳнинг инояти билангина бардавомлик насиб этган. Улар Ҳақ таолонинг бу дунё ва охиратда катта мукофотларларидан умидвор бўлишган.

Даҳбед ва атрофида Даҳбедий Махдуми Аъзам авлодига молик хожалар билан бир қаторда Саййид Отоийлар, яъни Саййид Ото авлодига мансуб авлодлар ҳам турли тариқатларнинг вакиллари сифатида узвий ҳамкорликда фаолият кўрсатганлар.

Улардан бири – Ҳазрати Саййид Нурмуҳаммад (вафоти 1730 йил ) валийлик бобида машҳур ўтган. Тариқат аҳлининг комил пири муридлари тарбияси билан шуғулланиб, оммани тўғри йўлга бошлашда раҳнамолик қилганлар.

Саййид Нурмуҳаммад илм ва иршодни устозлари Шайх Сайфиддин ҳазратларидан олиб, шогирдлари Ҳабибуллоҳ Мазҳар Жони Жанон Шамсиддинга берган эканлар.

Яна бирлари  XVIII асрнинг иккинчи ярмида Нақшбандия силсиласига раҳнамолик қилган Ҳазрати Мусахонхожа Даҳбедийнинг (1708/09-1776) халифаларидан Халифа Муҳаммад Сиддиқ (XVIII аср)дир.

Нақшбандия тариқатининг ўз давридаги машҳур пирлари Эшони Валихон Исмоилхожа (1800-1915) ибодат ва тақволари билан устозларга устоз эканлар. Илми дониши, ҳол ва кароматлари бисёр экан. 1800 йилда Ургутда туғилиб, камолга етганлар. 1913 йилда чоп этилган «Назмус силсила» номли асар муаллифи, шоир Васлий Самарқандий ўз пири Эшони Валихонни шундай танитадилар:

Орифи ҳақ, воқифи лавҳи қазо,

Нури мутлақ, манбаъи сабру ризо.

Силсила жунбони шоҳи Нақшбандия,

Хонақоҳаш - хонақоҳи Нақшбанд.

(Мазмуни: Ҳақ орифи, қазову қадар ёзиғининг воқифи, Мутлақиятнинг нури, сабр ва ризоликнинг тимсоли. Шоҳ Нақшбанд силсиласи – занжирининг силкитувчиси. Унинг хонақоҳи Нақшбанд хонақоҳидир. (Н.Комилов. «Тасаввуф». (Биринчи китоб, 269-бет).

Асосий муддао шундаки, бу даврларда  Бухорода Мавлоно Ҳусайн хизмати билан нақшбандия сулукида янги мунаввар саҳифа очилган бўлса, Самарқандда бу шараф Мирмуҳаммад Иброҳимга насиб этади. Бинобарин, замонамиз алломаси Нажмиддин Комиловнинг «Тасаввуф» (Биринчи китоб) асарида: «Мирмуҳаммад фано ва тавҳид илмида тенгсиз бўлганликлари, ўзи ҳам фано дарёсида ғарқ бўлиб, гўё руҳи илоҳиёт билан қўшилиб ваҳдатга дохил бўлганликлари» Васлий тилида чиройли изоҳланади, (269-бет) деганлари бежиз эмас.

Эшони Валихон шу силсилага мансуб шайхлардан бўлиб, Мавлоно Мирмуҳаммад Иброҳимнинг қобил ва хос, илму ирфонда камол касб этган шогирдларидан ҳисобланган. Тавҳид асрори, илмул яқиннинг кошифи, сурату сийрати пок деб аталганлар.

Бу азизлар каби зотлар ўз замонига, замони бу зотларнинг кўнглига сиғмаган. Ва афсусимиз шундаки, то ҳозир улар жамланиб ўрганилмаган. Ҳақларидаги ҳақиқат шўролар тумани ортида қолган.

Бирлари олим ва ориф, шариат ва тариқат илмлари нуктадони Сайидқул Абдураҳим ўғли Қизилбулоқий - Саидқул (1894-1960)

домладирлар. Бу зот шариату тариқатда пешво ҳисобланган. 7-8 ёшларида ҳофизи  Қуръон бўлган.

Ўша пайтларда Самарқанднинг Челак қўрғонида даврининг пешқадами бўлган машҳур Шерғози домладан илмларини мукаммал айлаб, 14–15 ёшларида Бухородаги Мир Араб мадрасасига ўқишга кирадилар ва  алломаи замон Икром домла назарига тушади.

Ўн йиллик таҳсиллари давомида илми камолга етади. 1920 йиллардан кейин шўролар шарпаси миллий маърифат осмонини тўса бошлайди. Қора бўҳронлар  давлатманд мулла, мингбошининг ўғли, саводхон Сайидқул домла ва оиласига кўп жабру жафолар солади. Бу маърифатли инсонларнинг арофидагиларга оқу қорани танишларига сабаб бўлишлари, ислом зиёсини тарқатишлари шўро малайларини чўчитар эди. Шунинг учун касбу корлари таъқиб эди.

Сайидқул домланинг умри қочқинда ўтади. У қишлоқдан бу қишлоққа, у қариндошдан бу қариндошга беркиниб, бор азобни тортади. Аммо қисматидан нолимай илмда бардавом  бўлади. Муносиб шогирдлар тайёрлайди.

Айнан шу даврларда Бухоро мадрасалари пешқадам талабалари бўлган жўшлик  Домла Камолиддин Охунд (1865 -1961), хатирчилик Абдулқодир (1870 -1932) мударрис, Исматуллоҳ мударрис (1873-1936), мулла Холбой (1893-1968), нуроталик Саййиджон Эшон (1887–1949), қизилтепалик мулла Жума (1886-1966)лар ўзаро илмда пайрав бўлишади.

Домла Камолиддин Бухоро амирлиги сарҳадида Нақшбандия тариқатининг сўнгги пири мартабасига расман ижозатланган. Мулла Холбой “Тафсири Аҳмадия“ ҳошиясига, Домла Сайидқул ҳадисларга шарҳлар ёзишган. Мулла Жума ухровий ҳикматлар ижод қилган.

Домла Сайидқулдан надаражада илмий бисот қолгани номаълум эса-да, мўминлар амири Абу Ҳафс Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: “Албатта амаллар(нинг яроқли ёки яроқсизлиги, мақбул ёки номақбуллиги) фақат ниятларга боғлиқдир. Ҳар бир кимса учун (амали ила) ният қилган (яхшиликнинг савоби ёки ёмонликнинг жазос)и насиб қилур. Кимда ким Аллоҳ ва унинг Расулини мақсад қилиб ҳижрат қилса, у ҳолда (чиндан ҳам) Аллоҳ ва Расули сари ҳижрат қилган бўлур. Кимда ким мол-дунёга эришиш ёхуд бир аёлга уйланиш мақсадида ҳижрат қилса, у ҳолда ўзи мақсад қилган нарсасига ҳижрат қилган бўлур” (Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар).

Гардиши фалакнинг ҳолин кўрингки, бир умр илм талабликда ҳаёт кечирган Домла Сайидқул сўнгги кунида ҳам судга чақирилган экан. 1960 йилнинг 3 апрелида келган чақирув қоғозини олар экан “энди мен олий ҳакам олдида жавоб бераман“ дея яқинларига далда ва васият қилиб, 4 апрель куни вафот этган эканлар. Аллоҳ раҳматийлардан айласин.

Суюндиқ Мустафоев НУРОТАИЙ.