Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ОТМ раҳбари ва педагог кадрларнинг малакасини ошириш тизими такомиллашади

Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Ҳукумат қарори (797-сон, 23.09.2019 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" каналида маълум қилинди.

Қарорга мувофиқ 2019 йил 1 октябрдан олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малакасини ошириш тизими амалиётга жорий этилади.

Ушбу ходимларнинг малакасини ошириш марказларида таълим технологиялари кафедраси ташкил этилади.

Қарор билан, олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малакасини ошириш жараёнларини ташкил этиш тартиби тўғрисида низом ҳам тасдиқланди.

Низомга кўра, узлуксиз малака ошириш жараёни қуйидагиларни ўз ичига олади:

- мутахассислик бўйича мустақил малака ошириш;

- муқобил малака ошириш;

- таълим дастурлари асосида мазкур кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказларида бевосита ўқиш.