Абдуқодир ТОШҚУЛОВ: Минг кишилик ошларимиз бор экан, ОТМларга имтиҳонсиз қабул тизимини жорий қилиб бўлмайди
Тошкент Беш ташаббус ҳаракати иккинчи кунида ҳам ҳукумат вакиллари билан учрашувлар ўтказилиши давом этмоқда. Хусусан, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқуловнинг ёшлар билан очиқ мулоқоти кўпчиликнинг диққат-марказида бўлди. Унда йиғилганларнинг асосий қисми талаба-ёшлардан иборат бўлиб, улар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишга ҳаракат қилишди.
Тадбир давомида иштирокчилардан бири ОТМларга имтиҳонсиз қабул тизимини жорий қилиш таклифини илгари суриб, хориждаги аксарият олийгоҳларда талабалар ўқув жараёнида саралаб олиниши мисол қилиб келтирди.
– Маълумки, хориждаги ОТМларда қабул осон, битириш қийин. Бизда эса кўпчиликка бунинг акси – ўқишга кириш қийин, битириш осондек туюлади. Хориждагидек тартиб амал қилинишини мен ҳам хоҳлайман. Лекин битта масала: бизда бу ўзбекчилик-да, 300дан 1000 кишигача ошларимиз бор экан, талабани ўқишдан четлатиб бўлмайди, менимча. Гапимнинг маъносини тушундингиз деб ўйлайман. Лекин бу сизнинг таклифингиз бўлмайди, дегани эмас. Биз шунга қараб интиляпмиз.
Қайси ОТМда шаффоф муҳит бўлса, гуруҳда яхши ўқиган талаба кейинги курсга ўтиб, ўқимагани курсдан қолса, ана ўша ерда буни жорий қилса бўлади.
Мен вазир сифатида ҳозир яна бир таклиф билан чиқяпман. Талабаларни ўқишга қабул қилишда ДТМ имтиҳон қилади, тўғрими?! Менинг таклифим, битираётганида ҳам давлат аттестацияларини ДТМ ўтказсин. Бу ўқитувчини ҳам ишлашга мажбур қилади.
Лекин ҳозирча бу бизга тўғри келмайди. Сабаби, боя айтганимдек “бизда ошларимиз бор” деган жумла замирида жуда катта маъно бор, - деди вазир.