Вазирлик 10 фоизли имтиёз жорий ўқув йилида ўқишга кирганларга тааллуқлиги ҳақида расмий муносабат билдирди

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда коронавирус инфекциясига қарши ихтиёрий равишда эмланган талабаларга стипендиясиз базавий тўлов-контракт миқдорларига бир марталик 10 фоиз чегирма бонуси берилиши юзасидан, жумладан, имтиёз жорий ўқув йилида ўқишга кирганларга тааллуқли эмаслиги ҳақидаги асоссиз хабарлар кўплаб муҳокама қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 6-сон баёни билан бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида кундузги таълим шаклида таҳсил олиб, 2021 йил 1 ноябрга қадар коронавирус инфекциясига қарши ихтиёрий равишда эмланган (яъни вакцина олган) талабаларга стипендиясиз базавий тўлов-контракт миқдорларига бир марталик 10 фоиз чегирма бонуси берилиши хабар қилинган эди.

Баёнга кўра, 10 фоиз чегирма бонуси инфекцияга қарши ихтиёрий равишда эмланган, тўлов шартнома асосида ўқиётган кундузги таълим шакли бакалавриат ва магистратуранинг барча босқич талабалари учун берилади. Бу ҳақда олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълум қилди.

Унутманг, эмлаш талабаларнинг яхши билим олишлари билан бир қаторда ўзлари ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг ҳам соғ-саломат бўлишини таъминлайди, дейилади хабарда.