Талаба дарди: Қоғозбозликка қачон барҳам берилади?
Мустақил иш, реферат, курс иши каби талабаларнинг дарс жараёнида ёки дарсдан ташқари ўзлаштирган билимларини баҳолаш, кўникмаларини ошириши лозим бўлган бу тушунчалар бугун нималарга хизмат қиляпти, қандай натижа беряпти?
Талаба дарс қолдириб, мавзуларни ўзлаштиришда ортда қолди ёки дарсдан ташқари машғулотлар билан шуғулланаётганлиги, борингки, йил давомида қай даражада билим ва кўникма орттирганини амалда кўрсатиши ва баҳоланиши керак, дейлик. Бу жараённи фақат қоғозда исботлаш, арзимаган имло хатолару техник носозликларни тўғрилаш учун отангга бор, онангга бор қабилида сарсон қилиш бугунги замон талабига тўғри келмаслигини билиб, билмаганликка олишдан нима наф?
Ўқитувчилар бу каби ҳолатларда «Киши ёзган маълумотини кўпроқ эслаб қолади», дея изоҳлаб қўя қолишади. Хўш, мақсад мавзуни талабанинг ёдида қолдириш экан, нега унинг оғзаки айтиб берадиган, эслаб қолган маълумотларига, фанни қай даражада ўзлаштирганига эмас, қоғозда техник хато бор ёки йўқлигига эътибор қаратилади? Асл муддао талабага билим беришми ёки «ҳимоя қилинган», «ёқланган» ишларнинг бир неча кундан сўнг ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаслигини, бундан на талабага, на ўқитувчига фойда йўқлигини била туриб, қоғозбозлик ортидан вақт ўтказишми?
Гувоҳи бўлаётганимиз, кўпчилик ҳолатларда кўзбўямачиликдан нарига ўтилмай қолингани, ўқиб, назарий ва амалий билим орттиришига эмас, қоғозни «қандай тўлдиргани»га эътибор қаратилаётганлиги талабаларнинг ҳам, улардан умидлари катта бўлган ота-оналарнинг ҳам норозиликларига сабаб бўляпти. Ахир, янги ғоялар устида ишлаш, оламшумул ишларга қўл уришга ҳаракат қилиш, ҳеч бўлмаганда, касбининг етук устаси бўлиш учун илм эгаллаш ўрнига интернетдан тайёр маълумотларни саҳифа-саҳифа кўчириш, соатлаб ўзи тушунмаган нарсаларни қоралашдан боши чиқмаётган талаба келгусида қандай мутахассис бўлади, ундан катта натижалар кутиш ҳақиқатга қанчалик яқин?
Хорижий давлатлар тажрибасига назар соладиган бўлсак, уларда талабалар томонидан бажарилаётган ҳар бир иш аниқ далилларга асосланиб, қўл меҳнати билан бажарилган ишлар ниҳоятда қадрланади. Чунки ҳар бир иш инновацион лойиҳаларнинг яратилишига хизмат қилади. Йиллар давомида қилинган меҳнатларнинг самараси эса нафақат ўзига, балки бутун дунё тараққиётига ҳисса қўшади.
Бизда эса аксарият ҳолларда кўчирмачиликка асосланган бу тизим ўзини оқламаётганлиги кундек равшан бўлиб турса-да, бунга панжа ортидан қараш, янгича услублардан фойдаланиб, самарали ечим топиш ўрнига, илмсизлик авж олишига, талабаларнинг ҳам ҳафсаласи пир бўлиб, кун ўтарга ўқишига сабаб бўляпти. Бу каби қоғоздагина бажарилган, амалда бирор натижа бермайдиган ишларга барҳам берилмас экан, жамиятда илмсизлик ортаверади.
Гулинур Омонова.