Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистон USAID дан 10 миллион долларлик мактаб дарсликлари учун лицензия олди

АҚШнинг мамлакатимиздаги элчихонаси ахборот хизмати хабарига кўра, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) 6 август куни Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги халқаро нашриётлар ишлаб чиққан иккита туркум дарсликлар учун лицензия олганини эълон қилди.

Маълум қилинишича, 10 миллион доллар қийматли туркум 5-11-синфлар учун информатика ва ахборот технологиялари фани бўйича дарслик ва ўқитувчилар учун қўлланмалар, шунингдек, 1-11-синфлар учун инглиз тили фанидан дарсликлар, иш дафтарлари ва ўқитувчилар учун қўлланмалардан иборат. Ўзбекистон контекстига мослаштирилган дарсликлар 2021/2022 ўқув йилида 200 та мактабда 6б5 миллиондан ортиқ ўқувчи ўртасида тақсимланиб, синовдан ўтказилади.

Қайд этилишича, дарсликларга қўшимча равишда USAID Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ўзи молиялаштирадиган «Ўзбекистонда баркамоллик учун таълим дастури» доирасида ишлаб чиқилган она тили ва математика (1-4-синфлар), шунингдек, информатика ва ахборот технологиялари (5-11-синфлар) фанларидан таълим стандартларини топширган.

«Юқори сифатли таълим — тараққиётнинг кучли драйвери ҳамда қашшоқликни камайтириш ва соғлиқни сақлаш, гендер тенглиги, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашнинг энг кучли воситаларидан бири. Болалар билим олиб, муваффақият қозонса, улар ўз ҳаётини ва ўз мамлакатини ўзгартирадиган катталарга айланадилар», деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм. «Қўшма Штатлар Халқ таълими вазирлигини ва умумий ўрта таълим соҳасида тизимли ва кенг қамровли ислоҳотлар дастурига содиқлигини қўллаб-қувватлайди», дея қўшимча қилди у.

«Биз Америка Қўшма Штатлари халқи ва ҳукуматидан, шунингдек, USAIDʼдан таълим соҳасини ислоҳ қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизнинг кўп жиҳатларига доимий кўмак ва ёрдам кўрсатгани учун миннатдормиз», таъкидлади Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

Шунингдек, USAID вазирлик ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш учун 2019 йил сентябрь ойида беш йиллик таълим тизимини ривожлантиришда кўмаклашиш грант шартномасини (DOAG) имзолаган. Шартнома АҚШ ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида ривожланиш бўйича биринчи кенг қамровли икки томонлама грант шартномасидир.

Таъкидланишича, бугунга келиб DOAG доирасида 19,5 миллион доллар ажратилган. USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит ва Шерзод Шерматов DOAG доирасида яна 5,5 миллион доллар ажратишни назарда тутувчи қўшимча ҳужжатни имзолаган. Бу маблағлар ёшларнинг ишга киришидан олдин уларнинг тадбиркорлиги ва ишга тайёрлигини ошириш учун ишлатилади.