Халқ таълими вазири Самарқанд мактабларидаги таъмирлаш ишлари билан танишди
Кеча, 12 июль куни Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Самарқандда бўлиб, мактабларда олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари билан танишди.
Самарқанд шаҳридаги 40-умумий ўрта таълим мактабида 1511 нафар ўқувчи таълим олади. Айни пайтда мактабнинг 824 ўринли биноси ҳамда спорт зали мукаммал таъмирланмоқда.
Шунингдек, шаҳардаги 14-умумий ўрта таълим мактабининг 920 ўринли биносида ҳам бугунги кунда 5 миллиард 100 миллион сўм миқдоридаги мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, 2020 йилда Самарқандда 53 та мактабда реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилган эди. 2021 йилда бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайди.
Бугунги кунда республика инвестиция, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” Давлат дастурлари ҳамда Президентимизнинг Самарқандга ташрифи давомида берган топшириқлари асосида Самарқанд вилоятида 97 та мактабда реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, 2 та янги мактаб қурилаётир.
Халқ таълими вазири мактабдаги қурилиш ишлари билан танишиб, уни сифатли амалга ошириш, янги ўқув йилига қадар тайёр ҳолатга келтириш бўйича ўз фикрларини билдирди.