Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистонда 573 бемор коронавирусдан даволанмоқда, 4 нафарининг аҳволи оғир

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков карантин тадбирлари бирмунча юмшатилганидан тўғри хулоса чиқаришга чақирди:

– Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар сони 3078 нафарга етди. 2492 нафар, яъни 81 фоиз бемор тўлиқ соғайган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, шифохоналарда 573 бемор даволанмоқда, 4 нафарининг аҳволи оғир.

Бизга қўшни давлатлар, хусусан, Афғонистон, Қирғизистон, Тожикистон Республикаларида коронавирус касаллиги бўйича эпидемик вазият ўта мураккаблигича сақланиб турибди.

Карантин тадбирлари давом этаётганини била туриб, гуруҳ-гуруҳ бўлиб тўпланиш, хонадонма-хонадон юриш, кўчага дока ниқобларсиз чиқиш ёки уни тақиш қоидаларига риоя этмаслик, уйга қайтганимизда қўлларимизни антисептик воситалар билан зарарсизлантирмасликнинг оқибатлари яхши бўлмайди. Бир-биримизни байрам билан қутлагимиз, кўришгимиз, бағримизга босгимиз келади. Лекин ҳозир бунинг мавриди эмас. Айнан мана шу ҳаракатларимиз эпидемик вазиятни мураккаблаштириб юбориши мумкинлигини ёддан чиқарманг.

Атрофимизда касалликка чалинганлар йўқлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Икки кун олдин Навоий вилоятида 15 ҳолатда, Самарқанд вилоятида 13 ҳолатда аҳоли орасида коронавирус касаллиги аниқланди. Буни юқоридаги фикрларимизнинг исботи сифатида қабул қилишингизни сўрардик.