Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзини жарроҳ деб таништирган ёлғончи қандай қилиб ҳамма касалларини даволади

Ушбу фотосуратдаги одам Фердинанд Уолдо Демара. У “Буюк ёлғончи” лақаби билан танилган. Хўш, нега одамлар унга шу номни берган?

У ўзини одамларга Бенедектин роҳиби, қамоқхона директори, кема шифокори, болалар парвариши бўйича мутахассис, қурилиш муҳандиси, шериф муовини, сертификатланган руҳшунос, адвокат, ўқитувчи, муҳаррир ва саратон касаллигини даволаш воситасини излаётган олим сифатида таништирди. Бу ишларини у ҳеч қачон пул ишлаш учун қилмади. Унга фақат бошқаларнинг эътирофи керак эди, холос. У фотографик хотира ва юқори ақл-идрок (IQ) эгаси эди.

16 ёшида уйидан қочиб, бир неча йил цистерциан монархлари билан бирга юрди, 1941 йилда аскарликка ёзилди. Сўнг денгиз флотида хизмат қилди. Ўзини офицер қилиб кўрсатишга уринганида муваффақиятсизликка учрагач, ўз жонига қасд қилганини саҳналаштириб кемани тарк этди. Кейин руҳшунос Роберт Линтон Френч номини олиб Пенсильвания ва Вашингтон коллежларида психологиядан дарс берди.

Федерал қидирув бюроси ходимлари томонидан қўлга олинган ва армиядан қочганлиги учун 18 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Демара озодликка чиққанидан сўнг сохта ҳужжатлар билан шимолий-шарқий университетда ўқий бошлади. Шундан сўнг яна роҳибликка ўтди. Дарвоқе, у бугунги кунда ҳам фаолият олиб борадиган коллежга асос солган. Черковда у ёш шифокор Жозеф Сера билан танишди, унинг исмидан фойдаланиб, ўзини жарроҳ деб таништира бошлади. Корея уруши пайтида Канададаги “Каюга” минаташувчи кемаси лейтенанти ва кема шифокори унвонига эга бўлиб Кореяга жўнатилди. У ерда эса касалларни пенициллин билан мукаммал даволади.

Кунларнинг бирида кемага операцияга муҳтож бўлган 16 нафар оғир ярадор аскар етказилди. Демара кемадаги ягона жарроҳ бўлганлиги сабаб, ярадорларни тайёрлаб, операция хонасига олиб боришни буюрди. Ўзи эса каютасига ўтириб олиб, жарроҳлик бўйича дарсликни ўқий бошлади. У мустақил равишда барча жарроҳлик операцияларини (шу жумладан, бир нечта оғир операцияларни ҳам) амалга оширди. Аскарларнинг ҳаммаси омон қолди.

Газеталарда у ҳақида ёзилган мақолаларни ҳақиқий Жозеф Серанинг онаси тўсатдан ўқиб қолганида бу алданиш фош бўлди. Узоқ вақт давомида кема капитани ўзининг жарроҳи тиббиётга алоқаси йўқлигига ишонишдан бош тортди. Канада денгиз флоти Демарага қарши айбловларни қўзғатмасликка қарор қилди ва у АҚШга қайтиб келди.

Кейин у Техасдаги қамоқхона бошлиғининг ўринбосари вазифасида ишлади (у психолог дипломига эга эди). У ерда Демара жиноятчиларни психологик қайта тиклаш бўйича жиддий дастурни ишга туширди. Лос-Анжелесдаги энг йирик уйсизлар маконида маслаҳатчи бўлди, Орегон штатидаги коллежни тугатганлиги тўғрисида ҳужжат олди ва касалхонага оид черков руҳонийси ҳам бўлиб ишлади.

Интернет материаллари асосида Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.