Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Паст Дарғом иқтисодий суди тугатиладими ёки унинг хизмат кўрсатиш кўлами кенгаядими?

Президентимининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2020 йил 24 июлда қабул қилинган фармони соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди. Яъни, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, шунингдек одил судловга эришиш даражасини ошириш учун тизимни янада ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди.

Фармонга мувофиқ, амалга оширилаётган энг муҳим ўзгаришлардан бири 2021 йил 1 январдан вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ишлари бўйича ва иқтисодий судлар негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этилиши.

Ўз навбатида вилоят фуқаролик, жиноят ишлари бўйича ҳамда иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашуви сақлаб қолинади.

Бундан ташқари, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади. Маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этилиши муносабати билан туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилади.

Таъкидлаш лозимки, киритилаётган бу ўзгартишлар халқаро стандартлар ва ривожланган демократик давлатларнинг илғор тажрибасига тўлиқ мос келади.

Шунингдек, фармонда Амударё, Бойсун, Нуробод ва Паст Дарғом туманлари иқтисодий судларини тугатиш назарда тутилган.

Қайд этилган иқтисодий судларнинг иш ҳажмлари, тумандаги хўжалик юритувчи субъектлар сони ва барча аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ таҳлил қилиниб, асосли тўхтамга келинган. Негаки, жорий йилнинг олти ойида Нуробод туман иқтисодий судида 55 та иш кўриб чиқилган. Иш ҳажми ойига ўртача 9 тани ташкил қилади, шу сабабли, Нуробод ва Паст Дарғом туманлари учун хизмат қилувчи ягона Паст Дарғом туманлараро иқтисодий судининг ташкил этилиши тадбиркорлик субъектлари учун ноқулайлик туғдирмайди.

Фармонда яна муҳим янгилик сифатида, Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркибини тузилганлиги инвесторлар ва тадбиркорлик субъектлари учун муҳим янгилик бўлди.

Яъни, судлов таркибига инвестиция киритилган санада йигирма миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколати берилди. Инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторларнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Судлов таркиби томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши, қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Бу эса чет эллик инвесторларнинг мамлакатимиздаги суд тизимининг адолатли ва шаффоф эканлиги, инвестиция ва инвесторларнинг ҳуқуқлари қонун билан ҳимоя қилиниши, инвестиция билан боғлиқ низоли ҳолатлар юзага келганда мазкур низолар Республиканинг Олий суд судлов таркиби томонидан кўриб чиқилиши чет эллик инвесторларнинг ҳуқуқлари одил судловнинг ҳимоясида эканлигини яна бир бор исботлайди.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида мақсадли ва босқичма-босқич ўтказилаётган ислоҳотлар, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини эркинлаштириш натижасида яратилган шарт-шароитлар бозор муносабатлари ривожланган мамлакатлар даражасида деб айтиш мумкин.

О.АСАТОВ,

Самарқанд вилоят иқтисодий суди

раиси вазифасини бажарувчи.