Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Пахтачилик моҳир деҳқон, меҳнат фахрийси Бобошер Шовхиев вафот этди

Кўп йил қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаб, фидойилик кўрсатган заҳматкаш инсон, меҳнат фахрийси Бобошер Шовхиев 8 февраль куни 82 ёшида вафот этди.

Б.Шовхиев 1939 йилда Пахтачи тумани Тумор қишлоғида туғилди. Тумандаги 20-умумий ўрта таълим мактабида ўқигач, хўжаликда ишчи бўлиб меҳнат қилди.

1967 йилда Самарқанд қишлоқ хўжалиги техникумининг механизация бўлимини, 1975 йилда Самарқанд қишлоқ хўжалик институтининг агрономия факультетини тамомлади.

1984 йилда Р.Маҳманов номли ширкат хўжалигида агроном, бригадир бўлиб ишлади, ҳалол меҳнати билан элда обрў орттирди. Ўз даврининг дала қаҳрамони сифатида танилиб, қатор орден ва медаллар ҳамда Социалистик меҳнат қаҳрамони унвони билан мукофотланди.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, туманда биринчилардан бўлиб фермерликка қўл урди ва “Шовқи бобо” фермер хўжалигини ташкил қилди.

Б.Шовхиев бир неча бор вилоят ва туман кенгашларига депутат бўлиб сайланди. Бу даврда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни чуқур ўрганиб, уларнинг ечими бўйича аниқ тадбирлар амалга оширди, сайловчилар ишончини оқлади.

Бобошер Шовхиев қаерда ишламасин ва қандай вазифани бажармасин меҳнаткашлиги, жонкуярлиги билан одамлар кўнглидан жой олди.

Ажойиб инсон, моҳир деҳқон Бобошер Шовхиевнинг ёрқин хотираси туман жамоатчилиги, фарзандлари ва дўстлари қалбида абадий яшайди.

Пахтачи тумани ҳокимлиги.