Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Президент 30 июлни Ўзбекистонда “Халқлар дўстлиги куни” деб белгилашни таклиф этди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномасида мамлакатимизнинг ташқи сиёсатини амалга оширишдаги устувор вазифаларга ҳам тўхталиб ўтилди:

Биринчидан, Ўзбекистон олиб бораётган очиқ, прагматик ва амалий ташқи сиёсатни инобатга олиб ҳамда узоқ муддатли стратегик мақсадларимиздан келиб чиққан ҳолда, Ташқи сиёсий фаолият концепцияси такомиллаштирилади.

Иккинчидан, ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши бўлган Марказий Осиё давлатлари билан кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқаларимизни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратамиз.

Мураккаб пандемия шароити биз бир-биримизга қанчалик боғлиқ ва керак эканимизни яна бир бор яққол намоён этди. Бу ижобий жараёнларни чуқур ўрганиш ва янада ривожлантириш мақсадида жорий йилда Тошкент шаҳрида Марказий Осиё халқаро институти ташкил этилди.

Келгуси йили Тошкентда минтақамизнинг Жанубий Осиё билан муносабатларига бағишланган юқори даражадаги халқаро конференция ўтказилади.

Шулар қаторида Хива шаҳрида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” глобал анжуманини ўтказиш режалаштирилган.

Учинчидан, асосий хорижий шерикларимиз ҳисобланган Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Туркия, Германия, Франция, Буюк Британия, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Покистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа қатор давлатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтирамиз.

Ташқи ишлар вазири ва унинг ўринбосарлари ҳамда юртимизнинг чет эллардаги элчилари мазкур давлатлар билан янги, янада самарали иш тизимини жорий этишлари зарур.

Тўртинчидан, биз қўшни Афғонистон заминида тинчлик ўрнатилишига қатъий ишонамиз ва бу эзгу йўлда амалий ёрдамни бундан кейин ҳам аямаймиз.

Афғон муаммосини ҳал этишга қаратилган глобал саъй-ҳаракатларга Тошкент Халқаро конференцияси ҳам мустаҳкам пойдевор яратди, десак, муболаға бўлмайди.

Ҳозирги кунда Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган Транс-афғон транспорт йўлагини барпо этиш борасида дастлабки амалий қадамларни ташладик. Бу лойиҳанинг рўёбга чиқарилиши бутун минтақамизда барқарорлик ва иқтисодий ўсишни таъминлашга беқиёс хизмат қилади.

Бешинчидан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, бошқа нуфузли халқаро ва минтақавий тузилмалар билан яқин ҳамкорликни ривожлантириш масалалари доимо эътиборимиз марказида бўлади.

Жорий йилда республикамиз илк бор Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташкилотига раислик қилди ва пандемияга қарамасдан, кўзда тутилган 60 дан зиёд барча халқаро тадбирлар муваффақиятли ўтказилди, 70 га яқин муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.

2021-2022 йилларда Ўзбекистоннинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига раислик қилиши бўйича ҳам жиддий тайёргарликни бошладик.

Олтинчидан, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, сўз ва диний эътиқод эркинлиги бўйича эришаётган ютуқларимизни тегишли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда изчил мустаҳкамлаб борамиз.

Келгуси йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида “Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим” глобал форуми, Ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Бутунжаҳон ёшлар анжумани, Диний эркинлик масалалари бўйича минтақавий конференцияларни ўтказамиз.

Еттинчидан, дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги ватандошларимизни қўллаб-қувватлаш ва улар билан алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш мақсадида “Ватандошлар” жамғармасини тузишни таклиф этаман.

Саккизинчидан, жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ишларимизни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқамиз.

Барчангизга маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг резолюцияси билан ҳар йили 30 июль Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонланади. Шу боис, ушбу санани Ўзбекистонда “Халқлар дўстлиги куни” деб белгилашни таклиф этаман.

Тўққизинчидан, минтақамизда, бутун дунёда экологик вазиятнинг тобора ёмонлашиб бораётгани бизни жиддий ташвишга солади.

Қўшни давлатлар ва жаҳон жамоатчилиги билан биргаликда Орол денгизи ҳалокати оқибатида юзага келган экологик фожиалар таъсирини юмшатишга қаратилган ҳаракатларни қатъий давом эттирамиз.

Денгизнинг қуриган тубида юз минглаб гектар ўрмон ва бутазорлар ташкил этилаётгани Оролбўйи ҳудудларида амалга оширилаётган улкан қурилиш ва ободончилик ишлари халқимизни юксак марралар сари руҳлантирмоқда.

Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда тузилган Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўп томонлама Траст фонди доирасидаги амалий ишларни янада кучайтирамиз.