Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Президент Мустақилликнинг 28 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарорни имзолади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев давлат мустақиллигининг 28 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорини имзолади.

Қарорда Республика комиссияси томонидан бир ҳафта муддат ичида “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқиши белгиланган.

Дастурда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” давлат дастури, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Беш ижобий ташаббус”каби муҳим дастур ва режалар доирасида олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг маъно-мазмуни ва руҳи мужассам этилишига алоҳида эътибор қаратилиши белгилаб қўйилган.

Шу билан бирга, Республика комиссиясига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Мустақиллик байрамига бағишлаб аҳолининг кенг қатламлари ўртасида маърифий учрашувлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, долзарб мавзулар бўйича фикр алмашувлар, маданий тадбирларни самарали ўтказиш мақсадида таниқли олимлар, ижодкор зиёлилар ва санъаткорлардан иборат тарғибот гуруҳлари ташкил этилиши ҳамда уларнинг аниқ режа асосида фаолият олиб бориши таъминланиши юклатилган.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси билан биргаликда Ўзбекистон истиқлолини тараннум этувчи энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарлари учун “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика танловининг якуний босқичини ўтказиш белгиланган.