Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Профессорлар бугун қанча маош оляпти?

Олий таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилари, шунингдек, бошқа ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш борасида кейинги йилларда ижобий ишлар қилинди. 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб базавий лавозим маошлари миқдорлари табақалаштирилган ҳолда олий таълим муассасалари раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчиларининг, шунингдек, илмий-тадқиқот муассасаларининг фундаментал, амалий тадқиқотлар илмий-техник дастурларини амалга ошириш ва инновация ишларида иштирок этаётган илмий ходимларнинг иш ҳақи ўртача 25 фоизга оширилди.

Буни Самарқанд давлат университети мисолида айтадиган бўлсак, 2018 йилнинг 1 сентябригача университет профессорлари 2.504.755 сўм миқдорида маош олган.

2018 йил 1 сентябрдан – 3.700.000 сўм;

2018 йил 1 ноябрдан – 4.070.000 сўм;

2019 йил 1 январдан – 4.884.000 сўм;

2019 йил 1 июлдан – 6.105.000 сўм;

2019 йил 1 августдан – 6.715.500 сўм.

Профессор унвонига эга бўлмаган, бироқ фан доктори, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига ёки доцент илмий унвонига эга бўлган, профессор лавозимига бир муддатга қабул қилинган шахсларга базавий лавозим маоши қуйидагича миқдорда белгиланди:

2018 йил 1 сентябрдан – 3.130.000 сўм;

2018 йил 1 ноябрдан – 3.443.000 сўм;

2019 йил 1 январдан – 4.131.000 сўм;

2019 йил 1 июлдан – 5.164.000 сўм;

2019 йил 1 августдан – 5.680.950 сўм.

Шунингдек, университетда илмий даражага ва илмий унвонга эга бўлган катта ўқитувчилар 4.954.950 сўм, ассистент, ўқитувчиларнинг маоши 4.374.150 сўмгача ошди.

Лекин бу ҳаммаси эмас. Агар профессор-ўқитувчилар пенсия ёшида бўлса, уларга 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб пенсия пуллари тўлиқ миқдорда тўланмоқда.

- Университетимизда нафақадаги профессорлар маоши, дарс соатлари, пенсия пуллари қўшилган ҳолда 10 миллион сўмгача пул оляпти, - дейди Самарқанд давлат университети молиявий режалаштириш бўлими бошлиғи Шероз Исматуллаев. Бугунги кунда университетда 100 дан ортиқ профессор, 321 нафар доцент, 150 нафар катта ўқитувчи ва 600 га яқин ассистент меҳнат қилмоқда.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.