Қўшработда ойлик маоши сақланмаган 350 нафар ходим мурожаати юзасидан расмий ахборот берилди

2019 йилнинг 8 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Қўшработ тумани Зармитан қўрғонида жойлашган “Самарқандгеология” давлат унитар корхонасига қарашли “Зармитан геология-қидирув экспедицияси”нинг 350 нафар ходими ойлик маоши сақланмаган ҳолда таътилга чиқарилган мазмунидаги видеомурожаат эълон қилинган эди.

Видеомурожаатда келтирилган ҳолатларнинг қанчалик ҳақиқатга яқинлигига ойдинлик киритиш мақсадида махсус ишчи гуруҳ тузилди ва дастлабки ўрганиш ишлари олиб борилди, дея хабар бермоқда Давлат геология қўмитаси.

Ўрганиш якунларига кўра, видеомурожаатда тилга олинган ҳолат хақиқатга тўғри келмаслиги аниқланди. Буни мутасаддиларнинг қуйидаги фикрлари ҳам исботлаб турибди.

Видеомурожаат муаллифи Хабиба Тошбоева “Зармитан геология-қидирув экспедицияси”нинг ишчи ходими эмас, айни пайтда Туркия давлатида истиқомат қилаётгани аниқланди.

2019 йил 8 октябрь куни “Самарқандгеология” давлат унитар корхонаси раҳбарияти, Қўшработ тумани адлия бўлими бош мутахассиси Ж.Қаршиев, Қўшработ тумани бандликка кўмаклашиш маркази ёрдамчи ҳуқуқ инспектори Х.Хамроев, Қўшработ тумани ҳокимияти ахборот хизмати раҳбари Б.Мамадиёров зудлик билан масалани жойида ўрганиш мақсадида корхона жамоаси билан видеомурожаатда кўрсатилган масала бўйича учрашув ўтказди.

Зармитан дала геология қидирув экпедицияси “Самарқандгеология” давлат унитар корхонаси тасарруфида фаолият олиб боради. Ташкилотда жами 358 нафар ишчи-ходим меҳнат қилади. Геология қидирув ишлари ҳар йили тасдиқланадиган давлат дастури асосида олиб борилади. 1 октябрь ҳолатида Зармитан дала-геология қидирув экспедициясига белгиланган бурғулаш ишларининг йиллик ҳажми тўлиқ бажариб бўлинган. Шу жиҳатдан таъкидлаб ўтиш жоизки, айрим геология-қидирув объектлари иқлим ҳамда тоғ-геологик шароити мураккаблигидан келиб чиқиб, мавсумий характерга эга. Ушбу объектларда олиб борилган ишлар асосида якуний ҳисоботлар тузилиб, давлат захиралари комиссиясига тақдим этишга тайёрланмоқда.

Шу сабабли юқорида кўрсатилган бурғулаш ишларини якунлаган бригада аъзоларига ва ёрдамчи цех ишчи-ходимларига (жами 85 нафар) ўзларининг ташаббуслари билан, аризалари асосида маошсиз таътил берилган. Қолган 273 нафар ишчи-ходим меҳнат фаолиятини давом эттирмоқда.

Бу каби асослантирилмаган ва ҳақиқий ҳолатга мос келмайдиган салбий хабар ва маълумотларни тарқатганлик юзасидан қонунчиликда тегишли чоралар кўриш белгилаб қўйилган.

Олиб борилаётган ўрганиш якунлари ҳақида батафсил ахборот берилади.