Ўқитувчиларнинг ойлик маоши кечикканлиги учун “Агробанк” айбдор эмас
Хабарингиз бор, 10 декабрь куни сайтимиз орқали “Ўқитувчининг маоши нега кечикди?” сарлавҳали хабар эълон қилинганди.
Шундан сўнг айрим фуқароларимизда тушунмовчилик ҳолати кузатилди, саволлар туғилди. Яъни, ўқитувчининг маоши нега кечикди? Ҳолат юзасидан АТБ “Агробанк” Жомбой тумани филиали муносабат билдирди:
Жомбой тумани ғазначилик бўлими томонидан умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг ноябрь ойи иш ҳақлари 2019 йилнинг 10 декабрь куни соат 11:00 да “Агробанк”нинг Жомбой филиалига тегишли ҳисоб рақамларга ўтказилган. Туман халқ таълими бўлими тизимидаги мактабларга хизмат кўрсатувчи ҳисобчилар томонидан ўқитувчиларнинг иш ҳақлари тўғрисидаги рўйхати (реестри) УзАСБО тизими орқали шу куни соат 17:00 да жўнатилган. Шундан сўнг банк филиали масъул ходимлари томонидан қабул қилинган электрон маълумотлар файли 10 декабрь соат 17:00 дан соат 19:00 гача барча ўқитувчиларнинг UZCARD пластик карталарига кирим қилиб берилган.
Хабар ижтимоий тармоқларда тарқалгач, “Одатда ўқитувчиларнинг ойлиги эртароқ бериларди, нега кечикди, бунинг учун “Агробанк” айбдорми”, деган эътирозлар бўлди.
Ваҳоланки, электрон маълумотлар банкимиз томонидан қабул қилингандан сўнг 2 соат оралиғида ўқитувчиларнинг пластик карталарига ойлик маошлари ўтказиб берилди. Бунинг учун банк айбдор, деган хулосага бормасликларингизни сўраймиз.
Озод ЎСАРОВ,
АТБ “Агробанк” Жомбой тумани филиали бошқарувчиси.