Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қачон “қаттиқ қонунли” давлат бўламиз?

Қонун-қоидалар моҳиятан табиат ва жамиятда тартибни сақлаб туриш учун яратилади. Инсоният ривожланиши билан барча соҳалар, жумладан, қонун-қоидалар сони ва хилма-хиллиги ҳам ўсиб, уларни ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ қилиш воситалари ҳам тобора такомиллашиб боради.

Қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш – кўп босқичли ва мураккаб жараён. Қонун ҳужжати лойиҳаси тайёр қонун ҳолига келгунига қадар кўплаб “чиғириқлар”дан ўтказилади. Қонун доираси алоқадор бўлган давлат ташкилотларининг расмий муносабати ўрганилиб, баҳо берилади. Давлат ва жамиятнинг барча шарт-шароитлари ўрганиб чиқилади ва давлат идораларидан ҳуқуқий эспертизадан ўтказилади, сўнгра имзоланиб тасдиқланади.

Бугун барча соҳаларда давомий олиб борилаётган изчил ислоҳотлар янгидан-янги қонун ҳужжатларининг қабул қилинишини, мавжуд қонунлардаги айрим нормаларнинг замон шарт-шароитларига мос равишда ўзгартирилишини талаб қилади. Бу – табиий ҳол. Бу ҳолат дунёнинг ривожланган ва ривожланаётган давлатларига ҳам бирдек дахлдор. Чунки муайян соҳадаги муносабатларни янада ривожлантиришни ёки самаралироқ тартибга солишни таъминлаш учун аввало, ушбу муносабатлардаги ҳуқуқий асослар ислоҳ қилиниши лозим.

Қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш ёки улардаги моддаларни ўзгартириш жамият ҳаётига кириб келган ўзгаришлар, янгиликлар ва ютуқларнинг, янгича муносабтларнинг акс-садоси ҳам бўлиши мумкин. Одатда, ривожланган давлатларнинг қонунчилигидаги ижобий жиҳатлар ўзлаштирилади ва миллий қонунчиликка мослаштирилиб киритилади. Агар қонунларга ўзгартиришлар кўп киритилган бўлса, мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжат янги таҳрирда қабул қилинади.

Аммо юртимизда айрим қонун ҳужжатларига тинимсиз киритилаётган ўзгартиришлар ҳолатини ҳам тўлиқ ижобий, деб бўлмайди. Қонуности ҳужжатларига аксар ҳолларда уларни қонунларга мувофиқлаштириш учун ўзгартириш киритилади. Лекин қонунлар-чи?

Чунки қонун ҳужжатларига ҳаддан ташқари кўп ва тез ўзгартиришлар, тузатишлар киритилиши мазкур қонун ҳужжатларининг ниҳоятда “мўрт” тузилганлигини, замон ва макондаги шароит ва имкониятлар тўлиқ ҳисобга олинмасдан ишлаб чиқилганлигини билдиради. Қолаверса, қонунлардаги моддаларнинг “ҳар куни ўзгариши” жамиятдаги ўзгаришларга мутлақо алоқадор бўлмаслиги ҳам мумкин.

Шундай қонунлар қабул қилинадики, ўн киши ўқиса, ўн хил талқин қилади. Ахир қонунлар барча учун бир хил бўлиши керак эмасми? Бу эса қабул қилинаётган қонунларнинг мукаммал ишлаб чиқилмаганидан далолат беради.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексини олайлик. Мазкур кодекс 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган бўлиб, унга 2018 йил 18 апрелга қадар қонунлар орқали 105 марта ўзгартиришлар, қўшимчалар, тузатишлар киритилган. 2018 йил 19 апрелдан 2020 йилнинг 31 январига қадар бўлган вақт (ҳатто 2 йил ҳам эмас) оралиғида эса яна 28 марта ўзгартиришлар киритилди. Яъни, жами 133 марта ўзгартиришлар киритилган. Ҳар сафар ўзгартириш киритилганида ўнлаб моддалар ўзгаришларга учрайди.

Тўғри, бу вақт оралиғида кодексга янгидан-янги нормалар киритилди, айрим моддалар чиқариб ташланди. Аммо аксарият ўзгаришлар маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахсларга нисбатан қўлланадиган жарима санкцияларининг суммаси ўзгариши билан боғлиқ. “Ярим баравари миқдорида”, деган сўзлар ҳеч қанча вақт ўтмай “бир баравари миқдорида”, деб ёзилади. “Бир баравари миқдорида”, деган сўзлар ҳам тезлик билан  “бир ярим баравари”, “икки баравари”, “уч баравари” бўлиб ўзгараверади...

Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ҳам ўтган йиллар давомида салмоқли ўзгатиришлар киритилди. Ва, ниҳоят, 2019 йил 30 декабрда Солиқ кодексининг янги (учинчи) таҳрири тасдиқланди.

Хўш, нега айрим қонунлардаги нормалар бунчалик кўп ўзгартирилади?

Бу – қонун ижодкорлиги билан машғул бўладиган “халқ ноиблари”нинг “иш кўрсатишлари”микан? Тўғри, уларнинг барчаси ҳам ҳуқуқшунос эмас. Аммо қабул қилинган қонунни тасдиқлашдан аввал “оқсоқоллар” ҳам қонунни ҳар тарафлама ўрганиб чиқишлари лозим эмасми?

Жарима суммаларини тинимсиз ўзгартирмасдан, қатъий суммаларни белгилаб қўйиш ҳам мумкин-ку?! Айтишингиз мумкин, бу – ҳуқуқбузарларга нисбатан кўриладиган чораларни қатъийлаштириш учун деб.

АҚШ, Буюк Британия, Германия, Япония, Сингапур каби давлатлар “қаттиқ қонунли” давлатлар сифатида бутун дунёга намуна бўла олади. Негаки, бу давлатларда қонунчилик механизми жуда юқори даражада йўлга қўйилган бўлиб, қонунлар ҳар томонлама “сифатли” ишлаб чиқилади. Ушбу давлатларда қонунлар камдан-кам ўзгаради.

Сингапур ўзининг эколог