Қонун ҳужжатларининг лингвистик экспертизаси нима учун керак?

▶️ Қонун услуби содда ва аниқ, дабдаба ва жимжимадорликдан холи бўлиши керак;

▶️ Тушунчалар аниқ бўлиши, ҳар хил талқин қилиш имкониятини истисно этиши лозим;

▶️  Қонунларда реал ва долзарб масалаларни кўтариш керак, рамзийлик ва мавҳумликлардан қочиш зарур;

▶️ Қонунлар матни мантиқ бўйича машқлар бўлмаслиги, ақлий салоҳияти ўртача бўлган одамларга мумкин қадар тушунарли бўлиши лозим;

Хўш, қонунларимиз бу талабларга жавоб берадими?

Қонун ижодкорлиги кўп қиррали мураккаб ва масъулиятли жараён бўлганлиги сабабли унда муайян қатъий тартиб ва талабларга, шунингдек, қонунчилик ва  юридик техника талабларига оғишмай риоя этилиши лозим. Агарда қонунчилик техникаси қонун яратувчи органга ўз иродасини оқилона, мантиқан аниқ, қатъий ифодалар ёрдамида лўнда, қисқа ва содда баён этиш имконини берса, лингвистик экспертиза қонун ҳужжатлари нормалари таъсирчанлигини оширишга хизмат қилади.

Ўз даврида француз маърифатпарвари ва файласуфи Ш.Монтескье қонун чиқарувчи амал қилиши лозим бўлган бир нечта қоидани таърифлаб берган эди:

- қонун услуби содда ва аниқ, дабдаба ва жимжимадорликдан холи бўлиши керак;

- тушунчалар аниқ бўлиши, ҳар хил талқин қилиш имкониятини истисно этиши лозим;

- қонунларда реал ва долзарб масалаларни кўтариш керак, рамзийлик ва мавҳумликлардан қочиш зарур;

- қонунлар матни мантиқ бўйича машқлар бўлмаслиги, ақлий салоҳияти ўртача бўлган одамларга мумкин қадар тушунарли бўлиши лозим;

- қонунни кўп сонли истиснолар, чеклашлар ва эслатмалар билан қалаштириб ташлаш ярамайди;

- қонунлар пухта ўйланган, асосланган ва амалиёт учун зарур бўлиши лозим.

Қонун ҳужжатлари мазмуни таъсирини ошириш, қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасидаги юридик кучни таъминлаш, мавжуд ижтимоий муносабатларни тартибга солишда юқоридаги тамойилларга риоя этиш, норма ижодкорлигини такомиллаштиришни талаб этади. Шунга кўра Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августда “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармон билан норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари сифатида норма ижодкорлиги фаолиятининг институционал асосларини такомиллаштириш белгиланди.

 “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши шарт, деб белгиланган. Унга кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқувчининг ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи органнинг қарорига кўра иқтисодий, молиявий, илмий, экологик, коррупцияга қарши экспертизадан, шунингдек бошқа турдаги экспертизалардан ўтказилиши мумкин.

Экспертлар сифатида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлашда бевосита иштирок этмаган ташкилотлар ва (ёки) шахслар жалб қилинади. Экспертиза ўтказиш учун олим ва мутахассислар, шу жумладан бошқа давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлардан мутахассислар жалб этилиши мумкин. Экспертларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича хулосалари тавсия хусусиятига эга ва ишлаб чиқувчи ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи орган томонидан кўриб чиқилиши керак.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича лингвистик экспертиза ўтказиш, аввало, қонунчилик тизимининг мукаммал, изчил, сифатли ва самарали бўлишида муҳим аҳамият касб этади. Қонун тилининг мукаммаллигига эришиш экспертлик таҳлил ўтказишнинг мезанизми ва сифатига боғлиқ жараёндир.

Лингвистик экспертиза орқали қонун лойиҳаси матни тузилиши ва унинг мазмунидаги айрим услубий, лексик, мантиқий ҳамда грамматик хатолар бартараф этилади. Бир сўз билан айтганда, қонун лойиҳаларининг юридик-лингвистик экспертизаси матннинг сифатли бўлишини таъминлайди.

Бугунги кунда лингвистик экспертиза самарадорлигини ошириш ва унинг қонун ҳужжатлари лойиҳаларининг пухта ва сифатли ишлаб чиқилишини таъминлашда қуйидаги айрим муаммоларнинг ечимини топишга тўғри келади:

- қонун ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан лингвистик экспертизани ташкил этиш бўйича ваколатли органни ташкил этиш зарур. Чунки, бу турдаги экспертиза юқори малака талаб этадиган, сўз ва матн бўйича мутахассис, айниқса, мумтоз адабиёт ва матншунослик бўйича катта тажрибага эга шахслар орқали ўтказилганда ижобий натижа бериши мумкин.

- бу соҳа бевосита тилшунос, филолог, мантшунос каби касб эгаларининг меҳнатига таянади. Президентимизнинг 2018 йил 8 августдаги ПФ-5505-сон фармони билан тасдиқланган “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси”нинг учинчи йўналишида айнан икки ва ундан ортиқ тилларда тайёрланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари матнларининг ўзаро мувофиқлигини лингвистик экспертизадан ўтказишни таъминловчи органни белгилаш вазифаси қўйилган.

Хуллас, кенг жамоатчилик, олим ва мутахассислар вакилларини ўзида бирлаштирган бу органни ташкил этиш долзарб масала сифатида кўзга ташланиб турибди. Давлат тилининг кенг жорий этилиши, қонунчиликка замонавий ва таъсирчан сўзларни олиб кириш, тилни соғломлаштириш, қонун ҳужжатлари матнидан кераксиз, тилимизга салбий таъсир кўрсатаётган сўзларни чиқариб ташлаш, қонунчилик имло луғатини яратиш ҳам асосий ишларимиздан бири сифатида қолади.

Гулнора Худайбердиева,

Тошкент давлат юридик университети ихтисослаштирилган филиали доценти, юридик фанлар номзоди.