“Устоз” сиҳатгоҳида йил бошидан буён 929 нафар педагог ва фахрийлар имтиёзли йўлланма билан даволанди

Кеча, 15 июль куни сайтимизда “Ўқитувчилар сиҳатгоҳларда дам оляптими?” номли мақола берилган эди.

Мақолада “Афсуски, республикамизда ягона бўлган Оқдарё туманидаги “Устоз” сиҳатгоҳи ҳам бугун вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тасарруфида эмас. Бир пайтлар ушбу сиҳатгоҳ қанчадан-қанча педагогларнинг саломатлигини тиклашга ёрдам берган бўлса, бугунги кунда хусусийлаштириб юборилган”, деган жумла келтирилган. Шу ҳақда “Маърифатпарварлар” жамияти Самарқанд вилоят бўлими қуйидагича муносабат билдирди:

Самарқанд вилояти ҳокимининг 2002 йилдаги қарорига асосан Оқдарё туманида “Устоз” сиҳатгоҳи ташкил қилинган. Ушбу санаторияда вилоятдаги ўқитувчилар имтиёзли йўлланмалар орқали дам олишади. “Устоз” сиҳатгоҳи “Маърифатпарварлар” жамияти Самарқанд вилоят бўлими тасарруфида бўлиб, педагогларнинг соғлиқларини тиклаш учун сиҳатгоҳга йўлланмалар “Маърифатпарварлар” жамияти туман, шаҳар ҳудудий бўлинмалари томонидан берилади.

“Устоз” сиҳатгоҳида йўлланма билан 10 кунга дам олиш белгиланган. Йил бошидан буён 929 нафар педагог ва нафақадаги фахрий педагоглар имтиёзли йўлланмалар билан даволанишди ва дам олишди. Шундан 23 нафар таълим-тарбия соҳасида самарали фаолият кўрсатган илғор тажрибали педагоглар рағбатлантирилиб, “Маърифатпарварлар” жамияти ҳисобидан бепул имтиёзли йўлланма орқали дам олиб, соғликларини тиклаб қайтишди. Меҳнат таътили давомида, яъни июнь ойи ва июль ойининг 15 кунига қадар 320 нафар ўқитувчи ва нафақадаги фахрий педагоглар дам олишди".