Аёл жиноят содир этди. Нега?

Ҳар сафар шундай бўлади, саволимга аниқ жавоб ололмайман. “Қандай жиноят содир этгандингиз?”, деган саволимни суҳбатдошим гўё эшитмагандай, бошқа воқеалар ҳақида гапира бошлайди.
Бу гапларни умумий хулосалаганимда “аслида мен айбдор эмасдим, фалончи айбдор ёки писмадончилар айбдор эди, улар мени шу муҳитга олиб киришди, шунга мажбур қилишди....” ва ҳоказо.
Аввал саволни тўғри бера олмаётгандирман, балки уларга бошқачароқ ёндашишим керакдир, деган фикрга бордим. Ундан кейин қанча мутахассислар билан гаплашдим ва билдимки... бу оддий ҳол экан. Айниқса, аёл ўзи содир этган жиноятни бошқага айтиши жуда оғир кечаркан.
Кўза кунида синиши бор гап
Галдаги суҳбатдошим ҳам саволларимга иккиланиброқ жавоб берди.
- Бу ерга ўргандингизми?
- Одамзот ҳамма нарсага ўрганаркан. Гарчи, илгари бу ерлар ҳақида бошқача тасаввур қилган бўлсам ҳам.
- Қандай тасаввур қилгансиз?
- Фақат мен эмас, аслида қамоқхона ҳақида ҳамманинг қарашлари бир хил бизнинг жамиятда.
- Қандай?
- Бу ердаги одамлар фильмларда кўрсатилгандай ваҳший, даҳшатли. Қамоқдан чиққан одам тамом бўлган, бутунлай одамийлигини йўқотган каби тасаввур бор эди-да. Аслида хато қилишга ҳаммамиз мойилмиз. Нафснинг бир дақиқалик қутқуси ҳам одамларни қандай кўйларга солмайди?.. Ёки одамдаги зўравонлик қандай жиноятларга етакламайди одамни, дейсиз.
- Лекин шу қутқу натижасида узоқ йил озодликдан маҳрум бўлиш мумкин... Сиз ҳам билгансизку, шундай бўлишини.
- Кўза кунда эмас, кунида синади, деган мақол нақадар топиб айтилган. Ноқонуний дори воситалари сотганман. Озгина кўпроқ пул ишлаб топаман, деган хаёлга борганман.
- Лекин бу дорилар тақиқланганини билгансизку, қолаверса, зарарини ҳам.
- Мен қилмасам бошқалар ҳам қилиб ётибдику, деган хаёл одамга бироз таскин беради.
- Бу ерда нима билан ўзингизни овутасиз?
- Аёллар манзил колониясида кутубхонага масъулман. Кўп китоб ўқийман. Умуман, бу ерда китоб ўқувчилар сони кўп. Китоблар кўп аёлларнинг фикрлаш тарзини ўзгартираётганига гувоҳ бўляпман.
Ҳа, ҳар қандай хатонинг оқибати бор, жазоси бор. Афсус, бу йил ҳам вилоятда хотин-қизлар ўртасида содир этилаётган жиноятлар аввалги йилдан ошмаган бўлса-да, аммо рақамлар кишини хавотирга солади. Ҳар ойда ўртача 20-30 нафар аёл жиноятга қўл урмоқда. Бу дегани ҳар куни битта аёл жиноятнинг қайсидир бир турига шерик.
Фирибгарлик ошган
- Бу йил ҳам аёллар орасида содир этилган жиноятлардан фирибгарлик юқори ўринни эгаллаган, - дейди вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Нигора Ёдгорова. - Лекин улар орасида ўғирлик жинояти сони кескин ошган. Ушбу жиноятни содир этганлар орасида уни бир неча марта такрорлаган аёллар сони кўп. Кейин эса енгил тан жароҳати етказиш ҳолати ўрин олган.
Аёллар иштирокидаги жиноятлар кўпроқ Самарқанд шаҳрида содир бўлган. Жомбой, Иштихон туманларида ҳам бу кўрсаткич ошган. Қолаверса, кейинги йилларда Ургут, Қўшработ, Пахтачи туманларининг чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган аёллар томонидан ҳам жиноятлар содир этилмоқда. Таъкидлаш керакки, бир пайтлар ушбу ҳудудда аёллар иштирокида ҳуқуқбузарлик деярли содир этилмас эди.
Хотин-қизлар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш учун маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда аёлларнинг муаммолари манзилли ўрганилмоқда. Натижада инспекторларимиз томонидан етти мингга яқин муаммолар аниқланди, 1375 та оила ажралиш арафасида экани билинди. Уларнинг ҳар бирига маҳалла фаоллари ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида кўмак кўрсатилди. Зўравонликка учраган жабрдийдаларга ҳимоя ордерлари бериш давом этмоқда. Бу йил 1261 нафар хотин-қизларга ордер берилди, бу ўтган йилнинг мос давригача берилган ҳимоя ордерларидан қарийб уч баравар кўпдир. Шунингдек, илгари судланган аёлларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Умуман, жиноятчиликни камайтириш учун аёллар муаммоларига кўпроқ эътибор қаратиш керак.
Мутахассиснинг фикрича, аёлларни жиноятга ундовчи умумий факторлар мавжуд эмас. Аксар ҳолларда хотин-қизлар тезроқ ва осон бойиб кетиш ҳақида ўйлаб, жиноятга қўл урмоқда.
Жиноят қайд этилмаган маҳалла
Нуробод тумани Меҳнаткаш маҳалласида бир неча йилдан буён хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик кузатилмаган. Уч минг 700 нафар аҳоли истиқомат қиладиган ушбу маҳаллада 1642 нафар хотин-қиз истиқомат қилади.
- Оилалардаги муаммоларни жойида бартараф этишга ҳаракат қиламиз, - дейди маҳалла хотин-қизлар фаоли Холида Муртазоева. – Тўғри, ҳудудда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш муаммо, аҳоли асосан чорвачилик билан шуғулланади. Лекин кўпчилигининг қўлида ҳунари бор. Қолаверса, яқинда маҳалламизга қўшни бўлган Оқсой маҳалласи туризм қишлоғига айлантирилди. Бу ерда оилавий меҳмон уйлари, дам олувчилар учун шароитлар яратилмоқда. Маҳалламиз аҳли қўшни маҳаллада ишлаб, рўзғорини тебратмоқда.
Нотинч оилаларни доимий назоратга оламиз. Шу йил рўйхатга тўртта шундай оила киритилди. Улар орасида турли низолар, келишмовчиликлар авж олмаслигини таъминлаш мақсадида бутун маҳалла фаоллари ишлайди. Шунинг учунми, бир неча ўн йилликдан буён хотин-қизлар орасида жиноятчилик кузатилмаган, ажримлар қайд этилмаган.
Гулруҳ Мўминова.