Самарқандда вояга етмаганлар жинояти 40 фоизга ошган — Сенат

Сенат қўмитаси Криминоген вазият оғир деб белгиланган 76 та таълим муассасасига ИИБ раҳбарларининг бириктирилганлигидан мактабларнинг хабардор эмаслигини маълум қилган.

Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонуннинг Самарқанд вилоятидаги ижроси юзасидан олиб борилган ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Жорий йилда 1345 та “рейд” тадбири ўтказилиб, вояга етмаган болаларни назоратсиз қолдирган 57 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилган. Қўмита томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида амалга оширилган ишлар билан бирга, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида айрим муаммолар мавжудлиги аниқланган.

Жумладан, вилоятда вояга етмаганлар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этиш ҳолати йилдан йилга ортиб, 2021 йилда 1331 тани, 2022 йилда 3941 тани ҳамда 2023 йилнинг 8 ойи давомида эса 3128 тани ташкил этган.

Шунингдек, вояга етмаганлар орасида содир этилган жиноятлар сони ҳам ортган. Хусусан, 2022 йилнинг 8 ойи давомида жиноятлар сони 92 тани ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 129 тани ташкил этиб, 40 фоизга ортган.

Профилактик тадбирлар давомида 39 нафар мактаб ўқувчиси порнографик, 58 нафари эса зўравонлик ёки шафқатсизликни тарғиб этувчи материаллар сақлагани аниқланган. 2221 нафардан ортиқ тарбияси оғир бўлган болалар билан профилактик суҳбатлар олиб борилиб, 1853 нафар ўқувчининг ота-онасига нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилган.

Криминоген вазият оғир деб белгиланган 76 та таълим муассасасига ИИБ раҳбарларининг бириктирилганлигидан мактабларнинг хабардор эмаслиги ушбу тизим амалда ишламаётганлигидан далолат беради.

Ўрганиш давомида аксарият таълим муассасаларида ўқув машғулотларига сабабсиз ҳамда мунтазам равишда қатнашмаётган вояга етмаганлар мониторингини олиб бориш йўлга қўйилмагани ҳам аниқланган.

Мажлис давомида "Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида"ги Қонунни такомиллаштириш юзасидан ҳам фикрлар билдирилди.
Мажлис сўнггида Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг кун тартибидаги масала юзасидан Қўшма қарори қабул қилинди.