Ижтимоий тармоқдаги "сохта танишув" жиноят билан якунланди

Шу йил 17 март куни соат 01:30 ларда Самарқанд вилоятида яшовчи 33 ёшли Э.Д. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига мурожаат қилиб, Тошкент шаҳар Сергели тумани Жалойир МФЙ.да нотаниш шахслар уни уриб тан жароҳати етказганини маълум қилган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан олиб борилган терговга қадар суриштирув ишлари давомида мазкур ҳолатга аниқлик киритилган. Маълум бўлишича, гумонланувчилар 22 ёшли Р.М. ва 17 ёшли М.М. жабрланувчи билан интернет орқали танишиб, уни Сергелига чақиришган. Сўнгра уни уриб, тан жароҳати етказган. Нархи 3 млн. сўмлик “Hanor 8А” русумли уяли телефон аппаратини, 6 млн. сўм пулини, спорт курткаси, шими ва оёқ кийимини тортиб олиб ҳодиса жойидан яширинишган.

Тезкор-қидирув тадбирлар натижасида гумонланувчилар қўлга олиниб улардан бир дона “Hanor 8А” русумли уяли телефон аппарати ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Сергели тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Р.М. ва вояга етмаган М.М.ларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, улар процессуал тартибида ушланган.