Рейд: Вилоятда бир кечада 43 та жиноий ҳолат аниқланди

18-19 апрель кунлари Самарқанд вилояти ҳудудида жамоат хавфсизлигини сақлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, фуқароларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш мақсадида олиб борилган тезкор-профилактик тадбирлар давомида 43 та жиноий ҳолат аниқланган ва муқаддам содир этилиб фош этилмасдан қолган 7 та жиноят фош этилган. Вилоят ИИБ хабар бермоқда.

Масалан, Самарқанд шаҳри “Аравасозлар” маҳалласида яшовчи М.А.нинг яшаш хонадонида 5 кг. “опий” гиёҳвандлик моддаси сақланганлиги аниқланиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ёки Каттақўрғон тумани “Олмазор” маҳалласида яшовчи Х. фуқаро Р. номига Каттақўрон тумани ҳокимлиги захирасида бўлган 0,30 га ер майдонини 6 минг АҚШ долларга сотиб, гуёки туман ҳокимлигида ишловчи танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб беришини ваъда бериб, олдиндан 3 минг АҚШ доллар олган вақтда ушланган. Тадбирлар давомида қидирувда бўлган 15 нафар шахслар қўлга олинган.

Шунингдек, кундузги ва тунги «авторейд» тадбирлари давомида 1 889 нафар қоидабузар ҳайдовчилар маъмурий жавобгарликка тортилган. Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган 25 нафар аёлларга ҳимоя ордерлари берилган.