Ҳар бир аёл ўз миллий либосида қадрли
Боқий шаҳардаги беш минг қадам, қонунлар билимдонлари, миллий либослар ихлосмандлари анжумани ҳамда модалар намойиши... Самарқанд шаҳридаги халқаро туризм марказида турли соҳа вакиллари, аммо фақат хотин-қизларни жамланган фестиваль доирасида шу каби йирик тадбирлар бўлиб ўтди.
Гарчи ҳаво 40 даража иссиқ атрофида бўлишига қарамай, ушбу фестивалга танланган тўғри жой, яъни сув бўйи, баҳаво ҳудудлар иштирокчиларнинг барча тадбирларда бир кун давомида завқ билан қатнашишларига имкон берди.
Кеча "Аёл -жамият кўзгуси" шиори остида ўтказилган фестиваль эрта тонгдан 5000 минг қадам юриш лойиҳаси билан бошланди. "Боқий шаҳар"дан бошланган спорт мусобақалари доирасида веломарафон ҳам ташкил этилди.
“Сиз янги қонунни биласизми?”
Фестиваль доирасида ташкил этилган викторина орқали талаба-қизларнинг ҳуқуқий билимларига баҳо берилди. Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ва бошқа кўнгилли қизлардан таркиб топган "Адолат", "Ҳақиқат", "Ишонч", "Қомус" каби жамоалар қонунчилигимизга оид янгилик ва ўзгаришлардан қанчалик хабардор эканликларини савол-жавоблар асосида намоён этишди.
Викторина натижаларига кўра, биринчи ўрин “Ишонч” жамоасига насиб этди.
“Миллий либослар – миллат кўзгуси”
Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида “Миллий либослар – миллат кўзгуси” мавзусида конференция ишида олима аёллар, талаба-ёшлар ҳамда соҳа ходимлари иштирок этди.
Қулай ва бежирим ўзбекона кийимлар халқ ҳунармандчилигининг, қолаверса, аждодларимиз закосининг ёрқин ифодаси, десак хато бўлмайди, - деди конференцияда сўзга чиққан Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг ўринбосари Мукаррам Нурматова.
Миллий либосларда замонавийлик ва анъанавийликни таъминлашга ҳисса қўшаётган моҳир тикувчи ва дизайнерлар фаолиятини оммалаштириш, рағбатлантириш лозим. Бу масалада тегишли ишларни амалга оширяпмиз.
Шунингдек, фестиваль иштирокчилари “Конигил” туризм қишлоғида бўлиб, тадбиркор аёллар фаолияти билан танишди.
“Юртимизнинг лидер тадбиркор аёллари” шиори остида ташкил этилган пресс-тур давомида миллий ҳунармандчиликнинг заргарлик, каштадўзлик, қоғоз ишлаб чиқариш йўналишида фаолият юритаётган аёллари ўзларининг иш тажрибаси билан ўртоқлашди.
Таъкидлаш керак, айни вақтда вилоятимизда 14 минг нафарга яқин хотин-қиз давлат рўйхатидан ўтиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган.
“Миллий либосларда замонавий ва анъанавий қадриятлар уйғунлиги”
Самарқанд туманидаги “Конигил” туризм қишлоғида ўтказилган шу мавзудаги модалар намойишида иштирокчиларга самарқандлик дизайнер ва тикувчилар томонидан миллий матолар асосида яратилган либослар композицияси намойиш этилди.
"Аёл - жамият кўзгуси" мавзусидаги фестиваль доирасида ўтказилган тадбирлар якунида маданият ходимлари томонидан концерт дастури намойиш этилди.
Турли соҳаларда юксак натижаларга эришиб келаётган фаол хотин-қизларнинг бир гуруҳига ташаккурнома ва эсдалик совғалар топширилди.