Ургутда “Ватан остонаси” фестивали тадбирлари бўлиб ўтди
Айни кунларда республика Маънавият ва маърифат маркази Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари билан ҳамкорликда юртимиз бўйлаб “Ватан остонаси” фестиваль тадбирлари, ижодий учрашувлар ташкил этиляпти.
Мамлакатимизнинг чегараолди маҳаллаларида яшовчи ёшларни турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, уларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадрият ҳамда анъаналарга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида ташкил этилаётган шундай тарғибот тадбирлари Ургут туманида ҳам бўлиб ўтди. “Чеп” маҳалла фуқаролар йиғинидаги амфитеатрда ўтказилган тадбирда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари, шоир ва ёзувчилар, олимлар, санъаткорлар ҳамда чегараолди ҳудуд аҳолиси ва ёшлар иштирок этди.
- Эл ардоғидаги театр актёрларининг маҳалламизга келиб, аҳоли ва ёшлар билан учрашув ўтказгани уларда катта таассурот қолдирди, - дейди маҳалла раиси Қайтмас Бобоев. - Ёшлар онгига таъсир қилишга уринаётган турли ёт ғояларга қарши курашиш, бунинг учун ватанпарварлик туйғусини шакллантириш, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши лозимлиги хусусида билдирилган фикр-мулоҳазалари ёшларда ижобий хулоса чиқаришига туртки бўлди.
Тадбир доирасида тумандаги ҳарбий шаҳарчада ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан учрашув ташкил қилинди. “Оила – мустаҳкам қўрғон” мавзусидаги давра суҳбатида ижодий гуруҳ аъзолари оилага садоқат, фарзанд тарбиясида эътибор берилиши лозим бўлган жиҳатлар хусусида фикр юритдилар. Ҳарбийларга бадиий адабиётлар совға қилинди.