Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қарз туфайли келиб чиққан жанжал пичоқбозлик билан тугади

Афсуски, фуқаролар орасидаги қарз олди-бердиси ўз вақтида ечим топмаслиги томонларнинг жанжали ва олишуви билан тугамоқда. Ана шундай ҳолатлардан бири Самарқандда юз берди. Бу воқеа ҳақида Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги тергов департаменти хабар қилди.

Хусусан, 2019 йил 3 декабрь куни тахминан соат 12:30 ларда Самарқанд туманидаги Конигил маҳалласи ҳудудида 32 ёшли фуқаро А.Х. ва 33 ёшли Ф.Н.лар ўзаро қарз олди-берди масаласида жанжаллашиб, Ф.Н. муқаддам А.Х.дан олган 2.000.000 сўм миқдоридаги пулларни қайтариб бермаганлиги сабабли, А.Х. қўлидаги ошхона пичоғи билан Ф.Н.га тан жароҳати етказган. Оқибатда Ф.Н. жароҳатланиб, шифохонага ётқизилган. Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, фуқаро Ф.Н.га оғир тан жароҳатлари етказилганлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов жараёнида А.Х.га нисбатан ушбу модда билан айблов эълон қилиниб, муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат олинди. Ҳозирда жиноят иши бўйича айблов хулосаси тузилиб, судлов органига юборилган.