Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қўшработда шифокорни урган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Кеча сайтимизда “Қўшработда шифокор сабабсиз калтакланди: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолатни ўрганди” сарлавҳали материал берилган эди.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси маълумот берди.

Унда қайд этилишича, 2019 йил 7 август куни соат 17:30да Қўшработ шаҳарчаси Булоқбоши маҳалласи ҳудудида жойлашган туман тиббиёт бирлашмасида хизмат вазифасини олиб бораётган шифокор О.С. тиббиёт бирлашмасига М.С.ни бемор сифатида олиб келган фуқаролар М.К. ва Б.Ш. томонидан ҳеч бир сабабсиз уятли сўзлар билан ҳақорат қилиниб, уриб тан жароҳати етказилган.

Туман тиббиёт бирлашмасининг 2019 йил 7 августдаги тиббий маълумотномасига кўра, О.С. нинг танасида “ўнг кўз пастки қовоқ эти, бўйин соҳаси юмшоқ тўқималари эзилиши, ўнг ёноқ тери ости шикастланиши, бўйин, юз чап атрофи сидирилган қонталаш жароҳат, бош мия чайқалиши” каби жароҳатлар аниқланган бўлиб,  даволаниш учун ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўшработ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 2019 йил 14 августда М.К. ва Б.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 140-моддаси 3-қисми “а” банди ва 277-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши кўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.