Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қушлар қиронга учрамоқда

Олимлар башорат қилганидек, йўқолиб бораётган ҳашаротлар кетидан улар билан озиқланадиган қушлар оммавий қирилишни бошлади. Ҳозирда бу қайғули ҳодиса АҚШнинг жануби-ғарбида кузатилмоқда, деб хабар беради «Мир новостей» (2020 й 38-сон) ҳафтаномаси.

У ерда айрим ҳисоб-китобларга кўра, минглаб эмас, балки миллионлаб қушлар ҳалок бўляпти. Уларда ҳар куни учиш учун мажол ҳам қолмаяпти, дейди орнитологлар. АҚШда рўй берган фожиа нафақат ушбу мамлакат, балки бутун дунё қушлар олами учун ташвишли ҳодисадир.

Қушлар Нью-Мексика, Колорадо, Техас, Аризона, Небраска штатларида самодан қулаб тушмоқда. Нью-Мексика университетидан биология профессори Марта Десе Монд ҳалок бўлаётган қушлар танаси ва қанотларида парвоз учун зарур ёғ захираси деярли қолмаганини таъкидлайди. Улар қуруқ суяк ва қанот патидангина иборат. Десе Монд уйи ёнида ўнлаб ана шундай ўлик қушларни йиғиб олган. Улар Аляска ва Канададан Американинг жануби-ғарби орқали учиб келишда ҳолдан тойиб ҳалок бўлган. Парвоз давомида улар қўниб, озиқланиб олиши учун ҳеч вақо тополмаган.

1970 йилдан буён АҚШ ва Канада 3 миллиард қушни йўқотди. Уларнинг сони камайиб боришига зараркунанда ҳашаротларга қарши қўлланилган заҳарли кимёвий дорилар ҳам сабаб бўлмоқда. Дори сепилаётган майдонларда турли ҳашаротлар - қўнғизлар, қурт-қумурсқалар, чивинлар бошқа майда жонзотлар тамоман йўқолиб бормоқда. АҚШда қушлар нобуд бўлиши август ойида ҳали ёнғинлар учун қулай об-ҳаво бошланмасдан олдин кузатилганди. Олимлар ерга қўнган қушларда ғалати феъл-атворни кузатишди. Заҳарланиш оқибатида улар одамлардан қўрқмай қўйишади ва ўлик ҳолатига тушади. Мутахассисларнинг фермерларни зараркунанда ҳашаротларга қарши қушлар ва ҳайвонлар, ҳатто одамлар учун безарар кимёвий дорилар ва биологик воситалардан фойдаланишга чақириқлари ҳозирча жавобсиз қолмоқда.

Тайёрловчи: Тоғаймурод Шомуродов.