Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Рамазон ойида Самарқанд вилоятидан 230 киши Умра зиёратига боради

Кейинги пайтда муқаддас Ҳаж ва Умра зиёратларини адо этишда катта ўзгаришлар бўлди. Зиёратга бориш истагида бўлган мўмин-мусулмонларга бундай янгиликлар муборак амални бажаришларида анча қулайлик яратяпти. Айниқса, Умра зиёрати учун белгиланган квота миқдорининг бекор қилингани сабаб муборак сафарга бориш истагида бўлганлар сафи кенгайди. Мазкур зиёратлар ҳақида кўпчиликни қизиқтирган масалалар бўйича вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов билан суҳбатлашдик.

- Бугунги кунда вилоятимиздан муборак зиёратга бориш истаги билан мурожаат қилган фуқароларимиз жуда кўпчиликни ташкил қилади, - дейди З.Эшонқулов. - Уларни навбати билан ҳар ўн кунда Умра сафарига жўнатяпмиз. Шу ойнинг ўзида 182 киши Саудия Арабистонига бориб келди. 28 апрель куни яна 140 га яқин самарқандликлар муқаддас зиёратга йўл олади. Шунингдек, Рамазон ойида 230 кишининг Маккага бориб қайтиши режалаштирилган.  

- Ҳаж ва Умра зиёратларига бориш истагида бўлган фуқароларнинг кўпчилиги кимга мурожаат қилишни билмай юрган ҳолатлар кузатиляпти.

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги қарори билан Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган. Унга кўра, Ҳаж тадбири Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж вазирлиги ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартнома асосида амалга оширилади. Умра эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг Саудия Арабистонидаги ҳамкор ташкилоти ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга оширилади.

Зиёратга бориш учун ариза берувчи доимий яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ариза ҳамда фуқаролик паспорти нусхасини тақдим этиши лозим. Аҳолидан тушган аризалар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан йил давомида қабул қилиниб, навбатга қўйиб борилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи аризани қабул қилиб олгандан сўнг ариза берувчига тегишли маълумотнома бериши шарт.

Зиёрат билан боғлиқ барча шарт-шароитлар (зиёрат тўловлари, шартлари ва муддати) ҳақида зиёратчиларга Ҳаж тадбири бошланишидан камида 1 ой, Умра тадбири бошланишидан камида 14 кун олдин маълум қилинади. Дарвоқе, зиёратчиларнинг ҳар бири Самарқанд шаҳридаги 1-сон поликлиникадан тиббий кўрикдан ўтказилади.

- Муқаддас зиёратга бориш истагида бўлганларга қандай талаблар қўйилади?

- Ҳажга боришга навбатга қўйиладиган номзодлар моддий ва жисмоний жиҳатдан Ҳаж тадбирига қодир бўлиши ҳамда Ҳаж амалларини тўғри, тўла-тўкис адо этиши учун етарли диний билимга эга бўлиши керак. Шунингдек, номзодлардан маънавияти, маърифати ва одоб-ахлоқи билан маҳаллада обрў-эътиборга эга бўлиши, оиласидаги муҳитнинг соғломлиги ва фарзандларининг ижобий тавсифланиши, маҳалла фуқаролар йиғинидаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашда ибрат бўла олиши, шу билан бирга, йўлдан адашганларни соғлом турмуш тарзига қайтариш, уларнинг ижтимоий мослашувига ёрдам бериши, маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказиладиган хайрия тадбирларида иштирок этиши талаб қилинади.

- Зиёратга кимлар боради ва ишчи гуруҳлар томонидан ўрганиб чиқиладими?

- Зиёратга бормоқчи бўлган фуқаролар вояга етган бўлиши шарт. Шунингдек, 45 ёшгача бўлган аёллар маҳрами билан бирга бориши талаб қилинади.

Ҳаж тадбирига боришга номзодларни маҳалла фуқаролар йиғини миқёсида саралаб олиш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида туман (шаҳар) ҳокими томонидан 7 кишидан иборат ишчи гуруҳ тузилади.

Ишчи гуруҳ таркибига туман бош имоми, маҳаллага бириктирилган имом, маҳалла раиси, профилактика инспектори, хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси вакиллари киритилади.

- Ҳаж ва Умра зиёратига бориш тўловларига тўхталсангиз.

- 2019 йилги Ҳаж мавсуми учун тўланадиган маблағ 33 миллион 300 минг сўм қилиб белгиланди. Шу вақтга қадар Ҳаж зиёратига бориш 38 миллион сўмни ташкил қиларди. Умра сафарига бормоқчи бўлган ҳар бир фуқаро учун тўланадиган маблағ илгари 13 миллион 600 минг сўмни ташкил қилган бўлса, эндиликда 11 миллион 600 минг сўм тўлаб зиёратга бориш мумкин.

Ушбу тўловлар ичига ҳамма харажатлар киритилган. Бўлажак ҳожиларга Саудия Арабистони Подшоҳлиги расмий визаси, Макка ва Мадина шаҳарларидаги 5 ва 4 юлдузли меҳмонхона, ўзбек ошпазлари томонидан тайёрланадиган таомлар, 24 соатлик бепул тиббий хизмат, Ўзбекистон рамзлари туширилган махсус либос, ибодат қўлланмаси, бейжик, замонавий транспорт ҳамда бошқа зиёрат хизматлари кўрсатилади.

Абдужаббор ПЎЛАТОВ

суҳбатлашди.