Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд маданий муҳити оғир жудоликка учради

Самарқанд давлат университети санъатшунослик факультети декани, доцент, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси аъзоси Козимов Жаводбек Журабекович 60 ёшида юрак хуружидан вафот этди.

Жаводбек Козимов Самарқанд шаҳрида 1960 йилда туғилган.

Жаводбек Козимов Самарқанд вилоятида мусиқа санъатини ривожлантириш ва тарғиб этишда, ёш авлодга мусиқа сирларини ўргатишда жонбозлик кўрсатиб келган истеъдодли бастакор, хонанда ва моҳир хор дирижёр эди.

У басталаган сара қўшиқлар вилоят миқёсида ўтказилган Мустақиллик, Наврўз, Конституция куни ва бошқа давлат тадбирларида мунтазам янграб келган. Бир қатор қўшиқлари билан «Ўзбекистон Ватаним маним», «Ягонасан, муқаддас Ватан!» республика қўшиқлар кўрик-танловларида иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллаган. Шунинг қаторида ижодкор асарлари олий ва ўрта махсус ўқув юртлари, мусиқа ва санъат мактаблари концерт ва ўқув педагогик репертуарларидан ўрин олган. Бастакорнинг 20 га яқин қўшиқлари Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси олтин фондидан ўрин олган.

Шунингдек, 1995-2018 йиллар мобайнида хор учун 15 га яқин асарлар яратди ва қайта ишлади.

1996-2017 йиллар мобайнида «Ўзбекистон Ватаним маним», «Ниҳол» театр кўрик-танловида, «Барҳаёт анъаналар» фольклор фестивалида университет «Гулдаста»  жамоасига раҳбарлик қилиб, фахрли ўринларни эгаллади.

Жаводбек Козимов санъат соҳасида изланишларини тўхтатмаган ҳолда ёш авлодга ўз соҳасини ўргатишда ҳам барчага ўрнак эди. Узоқ йиллар давомида Самарқанд давлат университети педагогика факультети декан ўринбосари, мусиқа таълим факультети декани, мактабгача таълим факультети ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари, санъатшунослик факультети декани вазифаларида самарали меҳнат қилди.

Устознинг  ёди мудом қалбимизда қолади, унинг эзгу ишлари халқимиз хотирасида сақланажак.

Самарқанд давлат университети

санъатшунослик факультети жамоаси.