Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд шаҳар бюджетига ўтган йили қанча даромад тушган? Жорий йилда қанча режалаштирилган, қаерга қанча сарфланади?

2019 йил якунларига кўра, Самарқанд шаҳар маҳаллий бюджетининг даромадлари 129,1 миллиард сўмни ёки 2018 йилга нисбатан 160 фоизга ошиши кутилмоқда.

Қайд этиш лозимки, солиқ ставкаларининг пасайиши натижасида жорий йилда маҳаллий бюджетнинг йўқотишлари 22,5 миллиард сўмни ташкил қилиши керак эди. Ишлаб чиқариш ҳажмларининг кенгайиши, тарифларни тўғрилаш (корректировка), ун ва нон нархларининг эркинлаштирилиши ҳамда жорий этилган солиқ ислоҳотлари натижасида қўшимча даромад базаларининг кенгайиши ҳисобига йўқотишлар ўрнини қоплаб, бюджетга тасдиқланган прогнозга нисбатан қўшимча 120 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ ундиришга эришиш прогноз қилинмоқда.

Жумладан, маҳаллий бюджет ихтиёрида қарийб 21,1 миллиард сўмлик қўшимча маблағлар қолиши кутилмоқда. Бу кўрсаткич 2018 йилда 4.3 миллиард сўм бўлгани ҳолда 2019 йилда 5 баробарга ошган.

Ушбу даромадлар ҳисобидан “Обод маҳалла” дастури доирасида 3 та маҳаллада бошланган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари учун 6,1 миллиард сўм маблағ ажратилган. Шунингдек, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида ижтимоий соҳа муассасаларига 8,3 миллиард сўм берилган. Бюджетдан ҳарбий-маъмурий секторни ривожлантириш учун 1,3 миллиард сўм маблағ сарфланган.

Жорий йил учун шаҳар маҳаллий бюджети даромадлари 244,5 миллиард сўмга прогноз қилинмоқда. Жами харажатлар эса 263,1 миллиард сўм миқдорида прогноз қилинмоқда. Таъкидлаш жоизки, маҳаллий бюджет харажатларининг 71,8 фоизини ёки 188.9 миллиард сўми иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ташкил этади.

Харажатларнинг асосий қисми ёки 165,1 миллиард сўми ижтимоий соҳа учун сарфланиши кўзда тутилмоқда. Жумладан, жорий йилда мактабгача таълим соҳасига 24.4 миллиард сўм, умумий ўрта таълим харажатларига 14.1 миллиард сўм, соғлиқни сақлаш соҳасига 115,2 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Шу билан бирга дори-дармон ва боғлов воситалари учун харажатлар 6,5 миллиард сўмни ташкил қилади. Яъни, 2019 йилдаги 5,4 миллиард сўмга нисбатан 120 фоиз кўпроқ маблағ ажратилмоқда.

2020 йилги шаҳар бюджети лойиҳасида маданият соҳаси харажатлари 12,1 миллиард сўмни, жисмоний тарбия ва спорт соҳаси харажатлари эса 3,8 миллиард сўмни ташкил қилмоқда.

Бундан ташқари, бошқарув органларини сақлаш харажатларига 7,6 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Вилоят бюджетидан шаҳар маҳаллий бюджетига тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар 18,6 миллиард сўмни ташкил қилиши кутилмоқда.

Бегзод МАМАДАЛИЕВ,

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги молия бўлими мудири.