Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирининг 8-9 қаватлари бузилади

Вилоят қурилиш бош бошқармаси Фирдавсий кўчаси 84-манзилда жойлашган бино шаҳарнинг тарихий муҳофаза зонасида жойлашганлиги сабаб 7-қаватдан юқори қисми буюртмачи томонидан бузилишини билдирган.

Унда қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги Фирдавсий кўчаси 84-манзилда қурилган янги кўп қаватли уйда қурилиш-таъмирлаш ишларида камчиликлар борлиги, аҳоли бинога яқинда кўчиб ўтганига қарамай, бузила бошлаганлиги, аксарият фуқаролар хонадонларини ўзлари қайтадан таъмирдан чиқарганликлари тўғрисида хабарлар тарқалган.

Самарқанд шаҳар Фирдавсий кўчаси 84-манзилда жойлашган 534 хонадонга мўлжалланган мазкур кўп қаватли бино “Пастдарғом қурилиш моллари” МЧЖ томонидан қурилган. Пишиқ ғиштдан қурилган 9 қаватли уй-жойнинг 392 таси сотилган, 104 хонадон эгалари ўз уйига кўчиб кирган.

Объект республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилиб, Самарқанд шаҳри тарихий марказининг муҳофаза ҳудудида жойлашганлиги сабабли турар-жой биносининг 8-9 қаватлари бузилиши белгиланган.

Қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ якунланмаганлиги ва республика ишчи гуруҳи томонидан қўйилган талаб бажарилмаганлиги сабабли мазкур объект инспекция томонидан фойдаланишга қабул қилинмаган.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан 2019 йил 13 мартда шаҳар иқтисодий судига бинонинг 8-9-қаватларини бузиш тўғрисида даъво аризаси киритилган. Суднинг 2019 йил 8 майдаги ажрими билан иш юритиш тугатилган.

Маданият вазирлиги ҳамда “ТошкентбошпланЛИТИ” ДУК билан биргаликда бино баландлиги ҳамда шаҳарсозлик нормаси бўйича хулоса берилган. Бинони бузиш бўйича буюртмачи томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда мулк эгаси томонидан бузилиш белгиланган.

Самарқанд вилоят қурилиш бош бошқармаси ахборот хизмати.

——

P/S: Савол туғилади, бу уйнинг бузилиши белгиланган 8-9 қаватларидаги хонадон эгаларининг бузилган ҳуқуқларини ким, қандай тиклайди? Улар тўлаб қўйган миллионлаб пулларига куйиб қолаверадими?

Бу уйдаги табиий газ босимининг пастлиги, электр энергияси ва сув тизимларидаги узилишлар ҳақида тегишли идоралар, жумладан, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги нега жим?