Кўп квартирали уй-жойларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик қандай кечяпти?

Вилоят ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан жойларда кўп квартирали уй-жойларни 2025–2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ўрганилмоқда.

Хусусан, Самарқанд шаҳридаги Гуллар боғи маҳалласи Беруний кўчасидаги 21, 21А, 23А-сонли, Али Қушчи маҳалласи Беруний кўчасидаги 27, 33, 37-сонли, Рўдакий кўчасидаги 88, 108, 132-сонли кўп квартирали уй-жойларнинг фасад қисмлари, кириш йўлаклари, том қисмлари, ертўла қисмидаги оқова сув қувурлари ва тик қувурларни таъмирлаш, фрамуга ойналарини янгилаш, энергия тежовчи ҳаракат датчикларини ўрнатиш ишлари кўздан кечирилди.

- Самарқанд шахридаги 11 та маҳалла ҳудудида жойлашган 160 та кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатамиз, - дейди “Самарқанд олтин аср” бошқарув сервис компанияси раҳбар ўринбосари Ўткир Облақулов. - 2025-2026 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик борасидаги тасдиқланган Дастур доирасида 6 та кўп қаватли уйнинг томини тўлиқ таъмирлаш ишларини тугаллаяпмиз. Техник кўрсаткичларига кўра, ушбу қоплама аҳолига 5 йил давомида хизмат кўрсатиши керак. “Юлдуз”, “Катта ариқ” маҳаллаларида 3 та кўп-қаватли уй-жойлардаги маънан эскирган ёки ёғоч эшиклар ўрнига 20 та янги темир эшиклар ўрнатилди. Ҳозирда Орзу маҳалласидаги кўп қаватли уйларга яна 12 та темир эшиклар ўрнатяпмиз. Бундан ташқари, ҳозирда жами 40 га яқин кўп қаватли уй-жойлар жорий таъмирланмоқда. Бунда ички оқова сув, совуқ сув трубалари алмаштирилмоқда, кириш-чиқиш йўлаклари таъмирланяпти, электр тақсимлаш қисмларида ишлар бажарилмоқда. Бу борадаги ишларимизни сентябр ойи охиригача тўлиқ якунлашни мўлжаллаганмиз.

Ўрганишлар давомида камчиликлар ҳам аниқланди. Булар юзасидан бошқарув органларига тегишли кўрсатма ва муддатлар белгилаб берилди.