Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уй ертўласида бинонинг таянч устуни бузиб ташлангани аниқланди
Вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси ходимлари томонидан рейд тадбирлари давомида Самарқанд шаҳар Ҳунармандлар маҳалласи, Спитамен шоҳкўчасидаги 167-сонли кўп қаватли уйнинг мулкдори бинонинг ертўла қисмидаги таянч конструкцияларини ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда бузганлиги аниқланган.
Бошқа ҳолатда эса Самарқанд шаҳар Мирзо Бедил кўчасидаги 18-сонли кўп қаватли уй-жойнинг мулкдори ҳам уйнинг ертўла қисмидаги таянч конструкцияларини ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда бузгани маълум бўлган.
Инспекция ходимлари томонидан ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилган ва мажбурий кўрсатмалар берилган.
“Мажбурий кўрсатмада берилган вақт ичида ҳуқуқбузарлар ҳолатни ўз ихтиёри билан бартараф қилиб, олдинги ҳолатига қайтармаса уларга нисбатан тегишли ҳужжатлар тўпланиб, мажбурий тартибда бартараф этиш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга даво аризаси киритилиши тушунтирилди”, дейилади инспекция хабарида.