Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Самарқанд сув таъминоти”га институтлардан бири 5 миллион сўм тўламайдиган бўлди. Чунки...

Жамият Самарқанд шаҳар иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, шаҳардаги институтлардан бири ичимлик сувидан дов-дарахтларни суғориш учун фойдаланганлиги учун тўлов ундиришни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан аниқланишича, истеъмолчи ичимлик сувидан 15 миллиметрли шланг орқали фойдаланган ҳолда дов-дарахтларни суғорганлиги учун далолатнома-кўрсатма тузилган.

Амалдаги тартибга кўра, ичимлик сувдан дов-дарахтларни суғориш учун фойдаланилишига истисно ҳолатларда, ирригация суви бўлмаганда, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тасдиқланган жадвал бўйича, фақат тунги вақтда (соат 00-00 дан соат 05-00 гача) йўл қўйилади.

Дов-дарахтлар расмий рухсатсиз ёки кўрсатилгандан бошқа вақтда суғорилган ҳолатларда, бир ойда фойдаланилган сув учун тўлов I гуруҳ истеъмолчилари учун белгиланган қоидалар 87-бандининг «а» кичик банди, II ва III гуруҳ истеъмолчилари учун «б» кичик банди бўйича ҳисобланиши белгиланган.

Шу асосда институтга 4 миллион 952 минг 580 сўм тўлов ҳисобланган. Ҳисобланган маблағни тўлаб бериш тўғрисида жавобгарга талабнома юборилган. Бироқ талабнома ижроси таъминланмаганлиги сабабли даъвогар «Самарқанд сув таъминоти» масъулияти чекланган жамияти фойдасига 4 952 580 сўмни ундиришни сўраган.

Амалдаги тартибга кўра, қайд қилинган қоидабузарлик учун бир ойда фойдаланилган сув учун тўлов ҳисобланиши белгиланган бўлса-да, даъво аризасида асоссиз равишда 60 кунга, яъни икки ойга сарфланган сув учун тўлов ҳисобланиб, уни ундириш сўралган.

Иқтисодий-процессуал кодекснинг 68-моддасида ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши кераклиги белгиланган.

Суд ишни кўриб чиқиш жараёнида низоли объектни бориб кўздан кечирганда жавобгар суғориш ишларини олиб бориш учун ўзининг ер ости қудуғига эга эканлиги, суғориш ишларини олиб бориш учун шаҳар сув тармоғидаги сувдан фойдаланмаслиги, ер ости қудуғидаги сувдан фойдаланиб келинаётганлиги аниқланди.

Даъво аризасида билдирилган талаб тегишли далиллар билан ўз исботини топмаганлиги учун суд даъвони қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Иқтисодий-процессуал кодекснинг 200-моддасига мувофиқ, ишни кўриш вақтида давлат органининг ёки бошқа органнинг, юридик шахснинг, мансабдор шахснинг ёки фуқаронинг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъи назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақли.

Шу асосда “Самарқанд сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти ҳодими қонун ҳужжатларига зид равишда далолатнома тузганлиги, мазкур далолатнома судга даъво аризаси билан мурожаат қилишга асос бўлганлигини инобатга олиб, унга нисбатан интизомий жавобгарлик масаласини муҳокама қилиш учун хусусий ажрим чиқарилди.

Камолиддин Тўхтаев,

Самарқанд шаҳар иқтисодий суди раиси.