Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Вилоятда 687 километр ичимлик сув, 38,8 километр оқова тармоғи қурилмоқда

Вилоятимиз аҳолисининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш ва оқова тармоқлари қуришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва ислоҳотлар самарадорлигини ўрганиш натижаларида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича тузилган “Йўл харита”сида “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖга кўп вазифалар топширилган.

Бугунги кунда вилоятимиз аҳолисининг 65,6 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. 167 та маҳалла аҳолиси муқобил манбалар сувидан фойдаланади.

- Ҳозирда вилоятдаги 1747 та сув иншоотидан 683 таси, 1992 та сув қудуғидан 693 таси таъмирталаб аҳволга келиб қолган, - дейди “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ директори Комилжон Юсупов. – “Йўл харитаси”га кўра, 5553 километр сув тармоқларининг 960 километри, 461 километр оқова тармоғидан 31 километри таъмирланиб, 1 та оқова сув тозалаш иншооти янгиланиши лозим. Таъмирталаб, техник даврий муддати ўтган иншоот ва тармоқларни таъмирлаш ҳамда таъминоти оғир бўлган ҳудудларни ичимлик сув билан таъминлаш босқичма-босқич давлат дастурлари, маҳаллий бюджет ва бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўтган йили 286,3 миллиард сўм маблағ сарфлаб, 210 маҳаллада яшовчи 270 минг аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланган бўлса, яна 214 минг нафар аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланди. Бунинг учун 500,7 километр ичимлик суви, 44,7 километр оқова тармоғи қурилди. 65 та сув иншооти ва 4 та оқова сув тозалаш иншооти реконструкция қилинди ва янгидан қуриб фойдаланишга топширилди.

Жорий йилда эса 687 километр ичимлик суви ва 38,8 километр оқова тармоғи қурилмоқда. Шунингдек, 73 та ичимлик суви ва 7 та оқова иншооти қурилиб, реконструкция қилинмоқда.

Бу ишлар якунлангач, 57,9 минг аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланиб, 135,1 минг нафар аҳоли илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланади. Жорий йилнинг ўтган даврида 33,2 километр сув тармоғи тортилиб, 31 та сув қудуқларининг насослари янгисига алмаштирилиши натижасида 5 минг нафардан ортиқ аҳоли илк бор тоза ичимлик сув билан таъминланди, 3 мингдан ортиқ аҳолининг сув таъминоти яхшиланди.

Жумладан, ҳозиргача Булунғур тумани Деҳқонобод қишлоғида 1,5 километр, Самарқанд тумани “Янгиравот” маҳалласида 1 та сув насоси, Оқдарёдаги Янги қишлоқда 1 та сув насоси ва 1,5 километр сув тармоғи фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, айни вақтда Нуробод туманининг Омондара маҳалласида янги сув қудуғи қуриш ва 3 километр сув тармоғи тортиш ишлари амалга оширилмоқда.

Д.ТЎХТАЕВ.