Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг овқатдан оммавий заҳарланиш бўйича тарқалган хабар юзасидан расмий маълумоти
Мазкур ҳолат бўйича дастлабки маълумотлар натижаси шуни кўрсатадики, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жорий йилнинг 16 сентябрь куни соат 16:10 дан соат 18:30 га қадар турли хонадонларда яшовчи 7 нафар фуқаролар бир хил клиник белгилар (кўнгил айниш, қайт қилиш, бош оғриғи, қорин соҳасида оғриқ, 4-5 марта ич кетиш, тана ҳароратининг юқорилиги, ҳолсизлик) билан мурожаат қилишган.
Заҳарланиш сабабларини ўрганиш борасида ўтказилган эпидемиологик суриштирувларда аниқланишича, барча беморлар Регистон кўчасида жойлашган “Мўъжиза” ресторанида 14 сентябрь куни кечки вақтда ўтказилган тўйдан сўнг ортиб қолган гўшт ва ассорти ҳамда айрим озиқ-овқат маҳсулотларини уйига олиб келишган. Шундан сўнг бу таомлар жорий йилнинг 15 сентябрь куни тушликда ва кечки овқатда истеъмол қилинган.
Шу куни кеч соат 18:00 лардан кўнгил айниши ва қайт қилиш каби клиник белгилар билан касаллик бошланган. Айримлари уй шароитида муолажа ўтказган, аҳволи яхшиланмагач, тез тиббий ёрдамга мурожаат қилган.
Ҳозирда шифохонага мурожаат қилган беморларга овқат токсикоинфекциясининг енгил ва ўрта оғир даражаси ташхиси қўйилиб, шифокорлар назоратида даволаш ишлари олиб борилмоқда.