Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд вилоятида таҳсил олаётган олий таълим муассасаси битирувчилари қаерда ишлайди?

2018-2019 ўқув йилида вилоятимизда 27 мингдан зиёд талаба олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда. Уларнинг 6443 нафарини битирувчилар ташкил этади.

Хўш, ҳадемай олий маълумотли мутахассисга айланадиган битирувчилар қаерда илк меҳнат фаолиятини бошлайди? Худди шу савол билан мавжуд олий таълим муассасалари раҳбарларига мурожаат қилдик, деб ёзмоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

 Самарқанд давлат чет тиллар институти раҳбарияти томонидан маълум қилинишича, жорий ўқув йилида институтни 667 нафар талаба битиради. Уларни иш билан таъминлаш мақсадида инс¬титут раҳбарияти корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатган. Ўқув йили давомида иш берувчилар ва битирувчилар иштирокида турли учрашувлар, меҳнат ярмаркалари ўтказилган.

Натижада бугунги кунгача чет тили мутахассисига эҳтиёжи бўлган 124 та мактаб ва 96 та мактабгача таълим муассасаларидан мурожаатлар бўлган. Шундан келиб чиқиб, бакалавр таълим йўналиши бўйича битирувчиларнинг 352 нафари иш берувчи ташкилотлар билан уч томонлама шартнома тузишган. Битирувчиларнинг қолган қисми юзасидан вилоят халқ таълим бошқармаси, вилоят мактабгача таълим бошқармаси, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси каби муассасалар билан музокаралар олиб борилиб, ишга юборилганлик тўғрисида йўлланма, уч томонлама шартнома тузиш ишлари давом этмоқда. Аҳамиятли томони шундаки, мазкур муассаса раҳбарияти иш ўрни аниқ бўлмаган битирувчилар билан сўровнома ўтказиб, уларни таълим, туризм соҳаларида  ўз бизнесларини ташкил этишларига кўмаклашиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиққан.

Самарқанд давлат университетини жорий ўқув йилида 2174 нафар талаба битиради. Уларни иш билан таъминлаш режалари деярли якунига етказилган. Университет раҳбарияти маълумотига кўра, битирувчилар, асосан, олий таълим тизими, халқ таълими, ўрта махсус касб-ҳунар таълим муассасалари, саноат, ишлаб чиқариш, қишлоқ, сув ва ўрмон хўжаликлари, қурилиш ва бошқа қатор ташкилотлар билан шартнома имзолашган.

Самарқанд давлат тиббиёт институтини 694 нафар бўлғуси шифокор битириши кутилмоқда. Тақдим этилган маълумотларда уларнинг бандлигини таъминлаш масаласида институт маъмурияти вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, тиббиёт бирлашмалари ва соҳага оид бошқа ташкилотлар, муассасалар билан тегишли шартномалар тузилганлиги маълум қилинган.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ТАТУ Самарқанд филиалида муассасанинг 300 нафардан зиёд битирувчиларининг бандлигини таъминлаш билан шуғулланувчи махсус комиссия ташкил этилган. Комиссия шу кунгача битирувчиларни алоқа соҳасининг ўттизга яқин корхоналари, шунингдек, турли ташкилот ва муассасаларда иш фаолиятини бошлашлари билан боғлиқ шартномаларни имзолашга эришган.

Айни пайтгача битирувчилар бандлиги бўйича олий таълим муассасаларининг 50 нафар талабаси билан оғзаки сўровнома ўтказдик. Уларнинг 21 нафари аниқ мақсад ва режаларга эгалигини билиб, қувондик. Бироқ 29 нафар битирувчилар қаерда ишлаши ҳақида ўйлаб ҳам кўришмагани бизни таажжублантирди. Қизиқ, уларга фақат диплом керакми?

Тез кунларда Самар¬қанд давлат архитектура ва қурилиш институти, Самарқанд ветеринария медицинаси институти ҳамда Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти раҳбарияти томонидан ушбу масала юзасидан олийгоҳларда амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги маълумотлар билан ўртоқлашамиз, дейилади хабарда.