14 кун ўтди. Самарқанд шаҳрида таълим муассасалари ўқишни қачон анъанавий шаклга ўтказади?

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 27 апрелидан Самарқанд шаҳридаги мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида коронавирус инфекциясини юқтириб олиш ҳолатлари кўплаб кузатилаётгани сабабли шаҳардаги барча мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида 14 кунлик карантин жорий этилган эди.

14 кунлик муддат ўтди, Самарқанд шаҳридаги таълим муассасалари ўқув жараёнини анъанавий шаклга ўтказадими-йўқми?

Бу ҳақда вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими ахборот хизматидан маълумот олдик.

Берилган маълумотга кўра, Самарқанд шаҳрида коронавирус билан боғлиқ вазият ҳамон барқарор эмас. Шу туфайли таълим муассасалари ўқувчилари, талабалар, ўқитувчилар ўртасида касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги эпидемияга қарши курашиш фавқулодда комиссияси йиғилиши баёнига асосан Самарқанд шаҳридаги барча таълим муассасалари ўқувчилари таълим шаклини 10 майдан 25 майга қадар масофавий шаклда давом эттириши маълум қилинди.

Худди шунингдек, ўрта махсус, касб ҳунар таълими муассасаларида ҳам таълим жараёни 25 майга қадар масофий шаклда давом эттирилади.