Давлат олий таълим муассасасига ўқишни кўчириш осонми?

Мактабни битирган ёшлар давлат олий таълим муассасасига ўқишга кира олмаса, вақтни бой бермаслик учун нодавлат олий таълим муассасасига имтиҳонсиз ўқишга киради. Уларнинг кўпчилиги бир муддат ўқигач, ўқишини давлат олий таълим муассасасига кўчиришни ният қилишади.
Аммо, давлат олий таълим муассасасига ўқишни кўчириш осон эмас, унинг ўз қонун-қоидаси бор.
Хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош таълим йўналишларига ўқишни кўчириш учун талабадан алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар, бошқа таълим йўналишлари бўйича тест синовлари талаб этилади. Бунда, касбий (ижодий) имтиҳонлар тегишли олий таълим муассасаси томонидан, тест синовлари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказилади. Бу ҳақда республика Президентининг 2022 йил 15 июнда “Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган.
Дастлаб, ўқишини кўчирмоқчи бўлган талаба 15 июлдан 5 августга қадар онлайн ариза тақдим этади. Унинг аризаси олий таълим муассасаси, тегишли вазирлик (идора) ёки Давлат комиссияси томонидан кўриб чиқилади. Талабанинг аризаси кўриб чиқилгач, унга имтиҳонда қатнашиш ёки қатнашмаслик ҳақида хабар берилади.
Ҳар йили тест синовларидан олдин Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг тегишли буйруғи билан ўқишни кўчириш бўйича ўтиш баллари тасдиқланади. Бу ҳақда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади. Талаба тестда тасдиқланган ўтиш балини тўплай олиши керак. Агар у тест синовида ўтиш балини тўплай олмаса, табақалаштирилган тўлов-контракт шартлари асосида ўқишини кўчиришга рухсат берилади.
Агар талаба ўтиш балини тўплай олса, ушбу олий таълим муассасаси томонидан талаба илгари таълим олган олий таълим муассасасига унинг шахсий йиғма жилдини жўнатиш учун сўровнома юборилади.
Сўровнома олингандан сўнг, талаба илгари таълим олган олий таълим муассасаси ректорининг талабалар сафидан четлаштириш ҳақидаги буйруғи асосида уч кун муддатда талабанинг шахсий йиғма жилди (рўйхати билан) уни ўқишга қабул қилган олий таълим муассасасига жўнатилади ёки ариза билан ўқиши кўчирилган талабага берилади.
Талаба нодавлат олий таълим муассасасидан ҳужжатларини олиб, давлат олий таълим муассасасига топширади. Агар фанлардаги фарқлар сони 4 та ва ундан юқори бўлса, унда талаба бир курс паст босқичга қабул қилинади.
Талабани талабалар сафига қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилганлар тўловни белгиланган муддатда амалга оширгандан сўнг чиқарилади.
Яхши томони, талаба катта миқдордаги контракт тўловидан қутулади. Энди унга, тўғрироғи, ота-онасига давлат олий таълим муассасасидаги контракт пули унча катта сумма бўлмай қолади. Аммо, югур-югур бу билан тугамайди. Ўқув режалардаги фанлари бўйича фарқлар аниқланганда талаба академик қарздор сифатида ўқишга қабул қилинади. Талаба ўқув йилининг охирига келиб, иккинчи семестр имтиҳонларини топшириб бўлгач, истаса, қарздор бўлиб қолган фанларини ёпиш учун тўлов қилади. Истамаса, кейинги йилга қолдириши мумкин.
Ўқув йили тугагач, олий таълим муассасасида қарздор талабаларнинг гуруҳи шакллантирилади. Кредит-модул тизими бўйича қайта топширмоқчи бўлган, тўловни амалга оширган талабаларга фанлар бўйича дарслар ташкил этилади.
Хуллас, белгиланган дарс соатлари ўтиб бўлингач, талаба қарздор фанлардан имтиҳон топширади. Имтиҳондан ўта олмаса, кейинги йил яна тўлов қилиб, қайтадан имтиҳон топширади. Мана шу босқичларни босиб ўтганидан сўнг талаба давлат олий таълим муассасасида ўқишини давом эттиради.
Бундан ташқари, давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига ўқишини кўчиришни истаган талабалар бир марталик табақалаштирилган тўлов-контракт асосида имтиҳонсиз қабул қилинади. Хориждан мос ва турдош бўлмаган йўналишга ўқишни кўчиришга рухсат берилмайди.
Бугунги талабалар асосан нодавлат олий таълим муассасасидан давлат олий таълим муассасасига ўқишини кўчиришни истагани учун бу ҳақда батафсилроқ ёритишга ҳаракат қилдик. Энди ўқишни кўчиришнинг бошқа ҳолатлари ҳам бор. Бу ҳақда қуйида келтирамиз.
***
Давлат олий таълим муассасасининг биридан бошқасига талабалар ўқишини кўчиришга фақат иккита узрли сабабга асосан рухсат берилади:
- талаба оила қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим муассасасига ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда;
- давлат хизматчиси иш жойи ўзгарган тақдирда унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда.
Давлат олий таълим муассасасидан нодавлат олий таълим муассасасига ўқишни кўчириш тартибини нодавлат ОТМлар ўзи мустақил белгилайди. Шунингдек, нодавлат олий таълим муассасасидан нодавлат олий таълим муассасасига ёки хориждан нодавлат олий таълим муассасасига ўқишни кўчириш тартибини кўчирмоқчи бўлинаётган нодавлат ОТМнинг ўзи мустақил белгилайди.
Бундан ташқари, давлат олий таълим муассасаси ичида бир йўналиш ёки факультетдан бошқа йўналиш ёки факультетга ўқишни кўчириш масаласини ректор ҳал қилади. Олий таълим муассасаси ичида бир йўналиш доирасида таълим шаклини ёки тилни ўзгартириш масаласини ҳам ОТМ маъмурияти белгилайди. Аммо, кечки, сиртқи ёки масофавийдан кундузгига ўтказиш деярли имконсиз. Лекин кундузги таълимдан кечки, сиртқи ёки масофавийга кўчириш мумкин.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.