Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда 22 январдан "метан заправка"ларда газ сотилиши яна чекланади

Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд вилоят Матбуот уйида “Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда “Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали мутасаддилари томонидан 2020 йил давомида аҳоли истеъмолчилари ҳамда улгуржи истеъмолчиларга 1 639 094,2 метр куб табиий газ, 61 514,65 тонна суюлтирилган газ истеъмолчиларига етказиб берилган.

– Ҳавонинг кескин совиб кетиши натижасида бир мунча муаммолар келиб чиқди, – дейди “Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали директори Олим Исоқулов. – Бу муаммолар жойига бориб ўрганилди ва ижобий ҳал этилди. Табиий газ етиб бориши қийин бўлган манзилларга газ бориши учун жадвал асосида газ қуйиш шохобчаларини вақтинча тўхтатишга ҳам мажбур бўлдик. Эртага, 22 январдан яна ҳаво ҳароратининг кескин совиши кутилмоқда. Шуни инобатга олиб, автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида газ сотилиши яна қатъий жадвал асосида ташкил этилади.

Таъкидланишича, аҳолига газ етказиш тизимини янада яхшилаш мақсадида ақлли газ ҳисоблагичлар бепул ўрнатилмоқда. Хусусан, Самарқанд вилояти бўйича 2021 йилнинг 20 январь ҳолатига 18 616 дона ақлли газ ҳисоблагич аҳоли хонадонларига ўрнатилди, 15 422 дона газ ҳисоблагич кўрсаткичлари онлайн биллинг дастурига уланди. Шу йилнинг январь-июль ойларида 192 487 дона газ ҳисоблагич ўрнатиш режалаштирилди. Бунинг учун айни пайтда 97 та пайвандчи бригада ишламоқда.

Янги электрон ҳисоблагич ҳозирча табиий газ истеъмоли ва қарздорлик даражаси юқори бўлган Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳридаги аҳоли хонадонларига ўрнатилмоқда. Бу жараён ушбу ҳудудларда шу йил 1 мартгача якунланади.

Ҳусан Элтоев.