Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда фуқаро “марихуана” гиёҳвандлик воситасини ўз ихтиёри билан ИИБга топширди

Республикамиз бўйича кенг қамровли “Ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ойлиги” махсус тезкор-профилактик тадбирлари давом этмоқда.

Шундай тадбирлар давомида аҳоли билан олиб борилган тушунтириш-тарғибот ишлари натижасида, Самарқанд шаҳар, Спитамен шоҳ кўчасида яшовчи, 1996 йилда туғилган Х.Ж. бир литрлик сиғимга эга бўлган 3 шиша банкада “марихуана” гиёҳвандлик воситасига ўхшаш ўсимликнинг қуритилганини ўз ихтиёри билан ички ишлар органлари ходимларига топширди.

Ушбу далилий ашёлар холислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб, вилоят ИИБ эксперт криминалистика бўлимига текшириш учун юборилган.

Самарқанд вилояти ИИБ эксперт криминалистика бўлимининг хулосасига кўра, мазкур ўткир ҳидли модда 191,67 грамм миқдордаги “марихуана” гиёҳвандлик моддаси эканлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Х.Ж.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25, 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Самарқанд шаҳри бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 5-сон ИИБ тезкор ходимлари томонидан Самарқанд шаҳри Спитаменшоҳ кўчасида яшовчи, 1994 йилда туғилган Ш.А.нинг яшаш манзилида ўтказилган тинтув ҳаракати мобайнида уйнинг ертўласида “марихуана” гиёҳвандлик моддасига ўхшаш ўткир ҳидли қуритилган восита, 3 дона ширинлик қутисида, 3 дона целлофан пакетда, 1 дона елим қопда, 1 дона қора рангли сумкада яширинча сақлаб келинаётганлиги аниқланган.

Далилий ашёлар белгиланган тартибда ҳужжатлаштирилиб, вилоят ИИБ эксперт криминалистика бўлими томонидан текширилганда, мазкур ўткир ҳидли восита 2 килограмм 419,37 грамм миқдордаги “марихуана” гиёҳвандлик моддаси эканлиги маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ш.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25, 273-моддаси 5-қисми, 270-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати.